Театр тарихи

 

Алишер Навоий номидаги Давлат Академик опера ва балет Катта театри ҳақли равишда Ўзбекистоннинг етакчи театри, мамлакатнинг миллий ифтихори, мусиқа-театр маданиятининг оҳанрабо маркази ҳисобланади. У ажойиб анъаналарга бой шонли тарихга эга. Бу тарих опера ва балет театри жаҳонда шуҳрат топишига олиб келган юқори даражадаги маданият ҳамда маҳоратнинг мустаҳкам пойдеворидир. Саксон йил давомида театр муайян ютуқларга эришди, ифода воситалари доираси сайқал топди, тўпланган тажриба такомиллашиб борди, инсонпарварлик тамойиллари ишлаб чиқилди ва ривожланди. Театр миллий ва жаҳон мумтоз меросининг бутун бойлигини ўзида мужассамлаштирди ва ўзбек мусиқа-саҳна санъатининг бетакрор намуналарини яратди.

Театр тарихи 1920-йиллар ўрталарида миллий маданиятимиз дарғаси, театр санъатининг ҳассос муҳиби, Ўзбекистон халқ артисти Муҳиддин Қори-Ёқубов томонидан профессионал Концерт-этнографик ансамбли ташкил этилган вақтдан бошланади.

Толмас мусиқа ва жамоат арбоби ҳамда истеъдодли ташкилотчи М. Қори-Ёқубов академик миллий театр жамоасини яратиш ғоясини ҳаётга татбиқ этар экан, бутун республика бўйлаб истеъдодли санъаткорларни излаб топар, уларнинг профессионал ўсиши ҳақида қайғурар эди. Ўша вақтда ансамбль труппаси ёш ижодий кучлардан иборат бўлиб, кейинчалик улар халқ ва хизмат кўрсатган маданият ходимлари, давлат мукофотлари совриндорлари сифатида танилдилар. Улар орасида Тамара Хоним, Ҳалима Носирова, Гавҳар Раҳимова, Зуҳур Қобулов, Бобораҳим Мирзаев, Лутфихоним Саримсоқова, Уста Алим Комилов, Мукаррам Турғунбоева, Розия Каримова, Карим Зокиров, Пўлатжон Раҳимов, драматурглар Ғулом Зафарий, Шарофиддин Хуршид, Комил Яшин, композиторлар ва дирижёрлар Мухтор Ашрафий, Толибжон Содиқовлар бор эди.

Бу ижодий жамоага асосланиб 1929 йил ноябрь ойида давлат Ўзбек мусиқий театри ташкил этилди ва у тарихий ривожланиш жараёнида бугунги кунда Алишер Навоий номидаги ДАКТ тимсолида хореография, вокал, драматургия ва бошқа кўплаб санъат турларини ўз ичига олган мураккаб тузилмага айланди. Давлат Ўзбек мусиқа театрининг биринчи директори ва бадиий раҳбари М. Қори-Ёқубов бўлди, рақс труппасини истеъдодли раққоса Тамара Хоним бошқара бошлади. Ёш жамоа ўз чиқишлари билан нафақат юртимизда, балки узоқ ўлкаларда – Бельгия, Голландия, Франция, Англия, Миср, Россия, Татаристон, Озарбойжон, Грузияда ҳам катта муваффақият қозониб, миллий ўзига хослиги, ёрқин артистик темпераменти, жозибали мусиқалари билан барчани мафтун этди.

Томошабинлар орасида катта муваффақият қозонган илк миллий спектакллар орасида жамоатчилик диққат марказида турган замонавий мавзулар билан йўғрилган Г. Зафарийнинг “Ҳалима”, Т. Жалилов ва М. Ашрафийнинг “Ичкарида” (“Уйнинг аёллар учун мўлжалланган тарафи”) мусиқали драмалари, шунингдек, Алишер Навоий қаламига мансуб “Фарҳод ва Ширин” поэмаси асосида яратилган В. Успенскийнинг спектакли, “Лайли и Мажнун” поэмаси асосида Т. Содиқов ва Н. Мироновнинг спектакли бор эди. Бу мусиқий драмалар миллий опера ва балет асарлари яратилиши учун замин ҳозирлади.

Ҳар бир театр мавсумига янги спектаклларнинг саҳналаштирилиши ва уларнинг янги таҳрири, шунингдек, бундан аввалги премьераларнинг янги талқинлари тайёрланардики, улар санъатда эришилган ютуқларни такомиллаштириш, янги марраларни эгаллашга имкон берарди. Мусиқий театр ўсишдан тўхтамас, қийинчиликларни енгиб ўтар ва кундан кунга оммалашиб, халқ минбари, маданиятдаги барча янги, илғор ва маҳсулдор йўналишларнинг тарғиботчисига айланиб борар эди.

Биринчи ўзбек операси – М. Ашрафий ва С. Василенконинг  “Бўрон” асари 1939 йил 11 июндаги премьераси миллий мусиқа театри тарихининг янги саҳифаси бўлди. Бу операнинг режиссёр Эмиль Юнгвальд-Хилькевич томонидан саҳналаштирилиши республика маданий ҳаётининг ёрқин воқеаларидан бири эди. Асосий қаҳрамон – Бўрон ролини Карим Зокиров ва Михаил Давыдовлар ижро этишди, Норгул партиясини Ҳалима Носирова, Шаҳодат Раҳимова, Сора Самандарова ва Назира Аҳмедовалар куйлашди, генерал-губернатор ролини эса Муҳиддин Қори-Ёқубов ижро қилди. Шу йили композитор Фридрих Таль “Шоҳида” балетини яратди ва у Уста Алим Камоловнинг фаол кўмагида саҳналаштирилди, Мукаррам Турғунбоева эса унда асосий ролни ижро этди. Шу вақтдан эътиборан театр янги мавқега эга бўлди ҳамда Давлат Ўзбек опера ва балет театри деб атала бошлади.

Тўхтасин Содиқов ва Рейнгольд Глиэрнинг истеъдодли режиссёр Музаффар Муҳамедов томонидан саҳналаштирилган “Лайли ва Мажнун” операси 1940 йил 17 июлда саҳна юзини кўриши миллий опера санъати ривожланиш йўлини давом эттирди ва унинг томошабинлар кенг оммаси қалбидан жой олишига имкон яратди.

1942 йилда Алексей Козловскийнинг “Улуғбек” операси саҳналаштирилиши республика мусиқий ҳаётида унутилмас воқеа бўлди. Улуғбек партиясини М. Қори-Ёқубов муваффақиятли ижро этди, Син Дун Фан роли эса Ҳ. Носированинг ижодий ютуғи эди.

1943 йилда Сергей Василенконинг балетмейстер Фёдор Лопухов томонидан саҳналаштирилган ҳамда Мели Мусаев рассомлик ва декораторлик қилган «Оқбилак» балети премьераси хореография санъати ривожида муҳим қадам бўлди. «Оқбилак» балети қаҳрамони образи санъаткор М. Турғунбоева томонидан ижро этилди. Ранг-баранг ўзбек халқ рақслари ҳам муваффақиятли ижро қилинди.

1944-56 йилларда ўзбек тилида ижро этиладиган опералар ­­­– Ж. Бизенинг “Кармен”, “Марварид ахтарувчилар”, П. Чайковскийнинг  “Пиковая дама” ва “Евгений Онегин” каби опералар республика маданий ҳаётидаги қизиқарли тажриба ва воқеа бўлиб қолди. Уларда унутилмас саҳна образларини солистлар – Халқ артистлари Ҳалима Носирова, Мордухай  Давидов, Карим Зокиров, Сора Самандарова, Михаил Давидов, Саттор Ярашев, Насим Ҳошимов, Ксения Давидовалар ижро этдилар. Шу йиллар солистлар – Халқ артистлари Георгий Израэльян, Иван Есипов, Андрей Бойко, Анатолий Овчинников,  Хизмат кўрсатган артистлар Любовь Александрова, Эмилия Мартишевская ва бошқаларнинг ажойиб маҳорати гуллаб-яшнаган давр бўлди.

1948 йил март ойида театрга буюк ўзбек шоири Алишер Навоий номи берилди.

1949 йилда эса бирйўла учта янги саҳна асари ­– иккита ўзбек миллий операси ва балет томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.  Р. Глиэр ва Т. Содиқовнинг “Гулсара”, Т. Жалилов ва Б. Бровциннинг “Тоҳир ва Зуҳра” опералари, Г. Мушелнинг “Балерина” балети ўзбек мусиқий театрининг салмоқли воқеалари бўлди.

1950-йилларда театр репертуари миллий ва жаҳон мумтоз санъатининг янги опера ва балет спектакллари билан бойитилди. Ўзбек мусиқий маданияти тарихи босқичлари сифатида театр саҳнасида янги миллий спектакллар бирин-кетин пайдо бўла борди. Булар Б. Зейдман, Т. Содиқов, Ю. Ражабий, Д. Зокировларнинг “Зайнаб ва Омон” операси, И. Акбаровнинг “Орзу”, Д. Зокиров, Б. Гиенколарнинг “Ойниса” балетлари, А. Козловскийнинг “Улуғбек” операси янги таҳрири кабилардир. М. Ашрафийнинг “Дилором” операси (1958 йил 5 февраль) ва С. Юдаковнинг “Майсаранинг иши” комик операсини (1959 йил 9 январь)  алоҳида таъкидлаш лозимки, улар ҳозирги кунга қадар театр репертуаридан муносиб ўрин эгаллаб турибди ва ўзбек опера мусиқаси жавоҳирлари ҳисобланади.  

1950-йилларнинг иккинчи ярмида театрга янги санъаткорлар келиб қўшилиши унинг бадиий мавқеи сезиларли даражада ошишини таъмин этди. Театр саҳнасига кириб келган янги солистлар биринчи йиллардаёқ жиддий ижодий муваффақиятларга эришдилар. Улар орасида Халқ артистлари – Саодат Қобулова, Саттор Ярашев, Хизмат кўрсатган артистлар – Ойниса ва Рафаат Кучликовлар, Лев Пинхасов, Роберт Борухов, Асад Азимов, Сасон Беньяминов, балет усталари, Халқ артистлари – Галия Измайлова, Бернора Қориева, Виталий Васильев, Иброҳим Юсупов, Хизмат кўрсатган артистлар – Гулнора Маваева, Флора Кайдани, Клара Юсупова, Ҳалима Комилова, Тодор Попеску, Светлана Колыванова, Сўнмас Бурхонов, Ражаб Тангуриев, Борис Завьяловлар бор.

Мусиқа-саҳна санъатини ривожлантиришдаги катта муваффақиятлари учун А. Навоий номидаги Давлат опера ва балет театрига 1959 йилда “Академик”, 1966 йилда эса “Катта” унвонлари берилди. Ўшандан буён театр ўзининг юксак номи – “Алишер НАВОИЙ номидаги Давлат Академик Катта театри” номини муваффақият билан оқлаб келмоқда.

Театрнинг атоқли дирижёрлари ­– Халқ артисти, Давлат ва Халқаро мукофотлар совриндори, профессор Мухтор Ашрафий, Республика Халқ артисти Фазлиддин Шамсутдинов, Ўзбекистон Халқ артисти, профессор Абдуғани Абдуқаюмов, Хизмат кўрсатган санъат арбоблари Наум Гольдман ва Баҳром Иноятов, Ўзбекистонда биринчи дирижёр аёл – Халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори, профессор Дилбар Абдураҳмонова, Ўзбекистон Халқ артисти Сулаймон Шодмонов, Хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Ғани Тўлаганов, Ўзбекистон Халқ артисти Ҳамид Шамсутдиновларни алоҳида тилга олиш лозим. Театрнинг улкан муваффақиятлари, унинг вокал-ижро жиҳатдан гуллаб-яшнаши қарийб қирқ йилдан буён ва ҳозирга қадар шу шарафли исмлар билан боғлиқ.

1960–70-йилларда театрда асарларни саҳналаштиришда режиссура ва сценографиянинг роли ошди, драматургиянинг шакллари турлари янада кўпайди, замонавий  мавзулар соҳасидаги қизиқарли изланишлар кўзга ташланди. Шу муносабат билан Ж. Вердининг “Трубадур”, “Аида”, “Риголетто”, Н. Римский-Корсаковнинг “Пан Воевода”, М. Мусоргскийнинг “Борис Годунов”, А. Бородиннинг “Князь Игорь”, Ш. Гунонинг “Фауст”, С. Прокофьевнинг “Дуэнья”, Г.Майбороданинг “Арсенал” каби кенг кўламли опера спектакллари, А. Хачатуряннинг “Спартак”, Л. Фейгиннинг “Дон Жуан”, Г. Мушелнинг “Кашмир афсонаси”, Б. Бровциннинг “Семурғ”, Лапутиннинг “Маскарад” балетлари диққатга сазовордир. Театр афишаларида опера хонандаларининг янги порлоқ исмлари пайдо бўлди: Халқ артистлари – Розалинда Лаут, Вячеслав Гринченко, Грайр Ханеданьян, Хизмат кўрсатган артистлар – Владимир Крюков, Тамара  Данилова, Раъно Ҳидоятова, Усмонбек Тошматов, балет солистлари – Халқ артистлари Валентина Проскурина, Гули Ҳамроева, Игорь Кистанов, Хизмат кўрсатган артистлар – Владислав Егай, Константин Фридлянд, Людмила Бесклубова, Ҳамидулла Жўраев, Ашот Давтян, Ашот Асатурян, Раим-Тоҳир Дўсметов, Тўлқин Қосимов, Рихси  Султонов, Тамара Ибрагимова, Алия Шайхилисламова, Раиса Ходжасаидова.  Атоқли режиссёрлар – Хизмат кўрсатган санъат арбоби А. Навроцкий ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алла Миралимбаеваларнинг исмлари эса шу йилларнинг Ўзбекистон опера санъати тарихида ёрқин из қолдирган янги изланишлари, спектакль галереялари билан узвий боғлиқдир.

70-йиллар ўзига хос саҳна асарлари – Ж. Вердининг “Дон Карлос” ва Молдавияда хизмат кўрсатган санъат арбоби Георгий Геловани саҳналаштирган А. Бородиннинг “Князь Игорь” асари янги талқини ҳамда Россия Халқ артисти Роман Тихомиров томонидан саҳналаштирилган “Суғдиёналик қоплон” операси кабилар билан ажралиб туради.

Балет спектакллари орасида А. Козловскийнинг “Тановар” (1971 йил,  хореограф – Н. Маркарянц), М. Ашрафийнинг “Севги ва қилич”   (1974 йил, хореограф – И. Юсупов), У. Мусаевнинг “Афсоналар водийсида» (“Ҳинд поэмаси”) (1977 йил, хореографлар – Ю. Скотт ва Ю. Попко) балетлари илк марта саҳналаштирилиши алоҳида эътирофга лойиқ.

Театр ижодий ҳаётининг шундан кейинги аҳамиятли босқичи А. Петровнинг “Пётр I” операси саҳналаштирилиши билан бошланди. Дирижёр, Халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори, профессор Дилбар Абдураҳмонова ва режиссёр, Ўзбекистон ва Озарбойжон Халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори, профессор Фирудин Сафаровнинг бугунги кунгача давом этиб келаётган сермаҳсул, анчайин муваффақиятли, ҳамкорликдаги ижодий фаолияти ушбу спектакль билан бошланди. Улар томонидан саҳналаштирилган спектакллар – П. Чайковскийнинг “Пиковая дама”, Ш. Гунонинг “Фауст”, “Отелло”,  “Бал-Маскарад”,  Ж. Вердининг “Аида”, “Травиата”, Ж. Россинининг “Севилья сартароши”, К. Сен-Санснинг “Самсон ва Далила”, Р. Глиэр ва Т. Содиқовнинг “Лайли ва Мажнун” опералари янги талқини, С. Прокофьевнинг “Оловли фаришта” муаллифлик талқинининг Ўзбекистонда илк маротаба саҳналаштирилиши, М. Бафоевнинг янги, “Умар Хайём” операси премьера талқини тақдим этилиши Ўзбекистоннинг опера маданияти тарихига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди ҳамда мазкур саҳналаштирувчиларнинг ёрқин ва ўзига хос дастхати мавжуд эканлигини намоён этди. Дирижёр Д. Абдураҳмонова ва режиссёр Ф. Сафаров томонидан саҳналаштирилган спектакллар  Россия ва Германиядаги ижодий сафарлар чоғида бир неча бор намойиш этилди ва нафақат Ўзбекистон, балки узоқ ўлкаларда ҳам шуҳрат қозонди.

Худди шу йилларда опера ва балет усталари: Халқ артистлари – Қўрқмас Муҳиддинов, Исмоил Жалилов , Владимир Браун, Замира Давлетмуратова, Хизмат кўрсатган артистлар – Ольга Александрова, Раиса Чепчеренко, Юрий Жданов,  Александр Лёушкин, Пўлат Мустафоев, Ашот Геворгян, Абдулла Бозоров, Худойберди Тоиров, Ҳамрали Кичимбоев, Бахтиёр Расулов, Шоҳида Тўхтабоева, Гулгина Зокирова, Турсунбой Ҳусанов, етакчи солистлар – Халқаро танловлар ғолиблари Алевтина Рябова, Нина Семизвонкина, Юрий Лихопуд ва кўплаб бошқа санъаткорларнинг истеъдодлари яққол намоён бўлди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг илк даврлари саналмиш 1990-йилларда театр ҳаётида муҳим ўзгаришлар содир бўлди. Театрнинг турли мамлакатлар санъат усталари билан ижодий ҳамкорлиги кўлами сезиларли даражада кенгайди, янги халқаро ижодий лойиҳалар амалга оширилди, масалан, Биринчи Халқаро “Па-де-де” балет фестивали шулар жумласидандир. А. Навоий номидаги ДАКТ солистлари ва симфоник оркестри билан ишлаш учун дунёнинг турли мамлакатларидан Тошкентга дирижёрлар – У. Фогель (АҚШ), П. Д. Понелли (ГФР), П. Лонго (Франция), Дж. Гварьерри (Италия), режиссёр – С. Сальвато (Венесуэла), хореограф – К. Беркут (Буюк Британия)лар ташриф буюришди.  

Театрнинг репертуар афишаси ҳам кенгайди ва бойиди. С. Прокофьевнинг “Ромео ва Жульетта” балети, С. Юдаковнинг “Насриддиннинг ёшлиги” комик балети, А. Икромовнинг “Буюк Темур”,  М. Бафоевнинг “Умар Хайём”, Н. Зокировнинг “Тахт томон йўл”, В.-А.Моцартнинг “Сеҳрли флейта”, Ж. Гершвиннинг “Порги ва Бесс”, Г. Доницеттининг “Лючия ди Ламмермур” опералари Ўзбекистонда илк маротаба муваффақият билан саҳналаштирилди.

Бу йилларнинг балет премьералари репертуарни танлашга ёндашувнинг ўзига хослиги ва кўламдорлиги билан ажралиб туради. У. Мусаевнинг пластик “Шоирона миниатюралар”и, А. Аданнинг мумтоз “Корсар”и,  Ф. Амировнинг шарқий романтизм билан йўғрилган “Минг бир кеча” балети, А. Хачатуряннинг таъсирчан ва жўшқин “Спартак”и фикримизнинг яққол далилидир. Мазкур балет спектаклларининг аксарияти театрнинг бош балетмейстери, ўз илҳомбахш иши ичра яшовчи серғайрат ва таъсирчан инсон, Ўзбекистон Халқ артисти Иброҳим Юсупов томонидан яратилган. Унинг раҳбарлиги остида театрнинг балет труппаси Япония, Малайзия, Таиланд, Ҳиндистонга бир неча маротаба ижодий сафарлар уюштирди. Театрнинг хореографик мактаби ривожида хореографиянинг кўзга кўринган усталаридан яна бири – Халқ артисти, Давлат мукофотлари совриндори Галия Измайлованинг ҳам ҳиссаси катта.    

Худди шу йилларда ўзбек опера-балет саҳнасининг машҳур усталари – Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Муяссар Раззоқова, Республика халқ артистлари Раҳматжон Латипов, Аваз Ражабов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар ва Қорақалпоғистон халқ артистлари Кенгесбай Сержанов ва Замир Нуримбетов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Дилором Ёқубова, Гулшан Азизова, Руслан Гафаров, Шукур Ғафуров, Ринат Титеев, Мансур Хуррамов, Сайфиддин Рўзиқулов, Нормўмин Султонов, Андрей Шалберкин, Вадим Геллертов, Эскандер Меналиев, Тамила Мухамедова, Амина Бобожонова, Надежда Шилова, етакчи солистлар Маҳмуд Рўзиев, Меҳриддин Мелиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сайёра Хайриддиноваларнинг истеъдодлари янги куч-ғайрат билан намоён бўлди.

Етакчи солистлар – Халқаро танловлар совриндорлари Яника Багрянская, Анжелика Мухаметзянова, Саида Мамадалиева, Гульнар Альджанова, Елена Шавердова,  Кирилл Борчанинов, Георгий Дмитриев,  Александр Полонский, Неъмат Синхабиби, шунингдек, театрда биринчи йиллар ишлаётган, бироқ нафақат ёшлик шижоати, балки мақсад сари интилиш, ўзини фаол намойиш этиш истаги, санъатда ўз йўлини ахтариш каби хислатларга эга жуда ёш ижрочилар ҳам муносиб ижодий салоҳиятларини намоён этмоқдалар. Кўплаб Халқаро ва Республика танловлари совриндорлари ва дипломантлари, операнинг ёш солистлари Малика Норматова, Маҳфуза Исломова, Азамат Муҳаммаджонов, Лятифе Абиева, Рамиз Усмонов, Самандар Алимов, Жаброил Идрисов, Галина Голубкова, Раҳим Мирзакамолов, Рада Смирных, Надежда Банделет, Улуғбек Мақсумов,  Марина Полякова,  Маъсума Болтабоева, шунингдек, балетнинг ёш етакчи солистлари: Нодира Ҳамроева, Динара Мустахишева, Алла Молдавцева, Равшан Чориев, Евгений Шарипов, Тимур Шангариев ва бошқалар шулар жумласидандир.

2005 йил 15 апрелда Г. Алексидзе хореографиясидаги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, театр бадиий раҳбари А. Эргашев мусиқасида саҳналаштирилган ўзига хос “Ҳумо” миллий балети премьераси бўлиб ўтди. Бу аҳамиятли композиторлик иши муносиб равишда Ўзбекистон Давлат мукофоти билан тақдирланди. Бадиий раҳбарлик ва фаол композиторлик фаолиятидан ташқари, А. Эргашев театрнинг етакчи дирижёрларидан саналади.

Кўп йиллар давомида театрда унинг бош дирижёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Фазлиддин Ёқубжонов самарали ижодий фаолият билан машғул. У театрнинг репертуар афишасидаги кўп спектаклларнинг дирижёр-саҳналаштирувчиси ҳисобланади.

Шу йиллар давомида дирижёрлар ва режиссёр-саҳналаштирувчиларнинг ҳозирги авлоди исмлари театр ҳаёти ва ижодига ажиб тарзда уйғунлашиб кетди. Қорақалпоғистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Аида Абдуллаева дирижёрлик санъати усталарининг анъаналарини муваффақиятли ривожлантирмоқда ва давом эттирмоқда.  Содиқ Ғоибов ва ҳали жуда ёш Бобомурод Худойқулов ҳам ижодий ўзига хосликларини муносиб тарзда намоён этмоқдалар.

Кўпчилик спектаклларнинг саҳналаштирувчи режиссёри ва сценографиялари муаллифи – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Андрей Слоним В.-А. Моцартнинг “Сеҳрли флейта” ва “Театр директори”, Г. Доницеттининг “Лючия ди Ламмермур”, П. Масканьининг “Қишлоқ шарафи”, С. Рахманиновнинг “Алеко”, И. Стравинскийнинг “Мавр” опералари мамлакатимизда биринчи марта саҳналаштирилишини муваффақият билан амалга оширди. Ўзбек композиторларининг янги опералари – Н. Зокировнинг “Тахт томон йўл” ва В. Миловнинг “Али-Бобо ва 40 қароқчи” премьера талқинлари ҳам шулар жумласидандир. Шунингдек, жаҳон опера мумтоз санъати асарларининг бир қатор янги саҳналаштирилишларини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. А. Слоним кўпгина театрлаштирилган вокал-шеърий композициялар, романс ва ретро-қўшиқлар кечалари, жаҳон ва ўзбек маданияти атоқли шахсларига бағишланган хотира концертларининг лойиҳалари муаллифи ва иштирокчисидир.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, режиссёр Ҳайдарали Қосимов ўзбек миллий опералари  (М. Ашрафийнинг “Дилором”, И. Акбаровнинг “Суғдиёналик қоплон”, С. Юдаковнинг “Майсаранинг иши”, М. Бафоевнинг “Севгим осмони”) ва Ғарбий Европа опера мумтоз санъати баъзи асарларини ўта ёрқин тарзда саҳналаштира олди. Ўн икки йил давомида Ҳ. Қосимов композитор А. Эргашев билан ҳамкорликда Янги йил таътиллари кунларида ёш томошабинларга тақдим этиладиган, жаҳон эртаклари мавзуси асосида яратилган кўпгина оммавий мусиқий эртакларнинг амалда бетакрор муаллифлари ва саҳналаштирувчилари ҳисобланиб келмоқдалар.

Театр биносининг узоқ кутилган реконструкцияси сўнгги йилларнинг энг катта воқеаси бўлди ва 5 йилдан ортиқ муддат давом этиб, 2015 йил октябрида тугалланди. Бинонинг реконструкциясидан сўнг театр жамоаси катта қониқиш ва завқ-шавқ билан Р. Абдуллаевнинг “Садоқат” операси (саҳналаштирувчи – Ф. Сафаров), У. Мусаевнинг “Тўмарис”, А. Аданнинг “Жизель” балетлари янгидан саҳналаштирилиши, “Минг бир кеча” балети қайта тикланиши, Ж. Вердининг “Аида” операси янгидан қўйилиши, Ж. Вердининг “Реквием”и биринчи бор саҳналаштирилиши, “Алоуддиннинг сеҳрли чироғи” опера-эртаги, М. Мақсудий, А. Даниельяннинг “Катта театрда мегабайтли эртак”, Е. Комарова, Р. Шерездановнинг “Катта театр суперқаҳрамонлари” номли бетакрор Янги йил мусиқий эртаклари саҳналаштирилишига киришиб кетди.

Сўнгги йилларда театр янги берилган унвонлар ва медаллар билан бойиди: Нормўмин Султонов, Рамиз Усмонов, Самандар Алимов Халқ артисти, Маъсума Болтабоева, Кирилл Борчанинов, балет солисти Нодира Ҳамроева Хизмат кўрсатган артист, Андрей Слоним Хизмат кўрсатган санъат арбоби унвонларига, Наталья Куприянова, Фазлиддин Ёқубжонов “Меҳнат Шуҳрати” медали, Елена Шавердова “Дўстлик” орденига муносиб кўрилдилар.

Театр ёшлари – халқаро танловлар совриндорлари Раҳим Мирзакамолов, Жаброил Идрисов, Феруза ва Носир Юсуповлар, Азиза Муҳамедова, Умид Исроилов, Рустам Алимардоновлардан умид катта, шунингдек, балет санъатига балет етакчи солистлари Нодира Ҳамроева, Амина Бобожонова, Тамила Муҳамедова, Ольга Собирова, Виолетта Бондяс, Маргарита Авдеева, Замир Фазлутов, Радион Исянов, Улуғбек Олимов, Дониёр Хасмановлар, балет солистлари Тимур Шангариев, Равшан Чориев, Бекзод Акимбоев, Тимур Юнусов, Амирхон Нуримбетов, Екатерина Тихоновская, Екатерина Гуменная, Мадина Юсупова, Лола Исҳоқова, Алла Молдавцева, Анна Сафроноваларнинг ҳиссасини таъкидлаш жоиз.

Йигирма йилдан ортиқ вақт давомида бош хормейстер, Ўзбекистон халқ артисти (фаолиятини дирижёрлик амалиёти билан уйғунлаштирган ҳолда давом эттираётган) Сулаймон Шодмонов ва унинг ҳамкасблари – хормейстерлар Наталья Куприянова ва аввалроқ Мая Яндринскаялар раҳбарлик қиладиган театр хори жамоасининг алоҳида маҳсулдор меҳнатини эътироф этмай бўлмайди. Театрнинг кўпчилик саҳна асарларида ва концерт чиқишларида хор спектаклнинг тўла ҳуқуқли иштирокчиси сифатида майдонга чиқади ва саҳнадаги органик, жонли ижро ҳамда тўлақонли оҳанг билан томошабинларни хушнуд этади.

Қадимий анъаналар театрнинг симфоник оркестри ҳаёти ва ижоди билан ҳам боғлиқ бўлиб, узоқ йиллар давомида у ўз маҳоратини кўп сонли хорижий ижодий сафарларда муваффақият билан намоён эта олувчи юқори малакали мусиқа жамоаси сифатида довруқ қозонди. ДАКТ оркестрининг кўпчилик мусиқачилари олий фахрий унвонларга эга бўлишди ва оркестр ижроси эгаллаган марраларни муносиб тарзда ривожлантирмоқдалар.

Театрнинг рассом-сценографлари ҳам ўтган ўн йилликларда тамал тоши Халқ рассомлари Михаил Гвоздиков, Мели Мусаев, Владимир Рыфтин, Хизмат кўрсатган санъат арбоблари Туйғун Шораҳимов ва Георгий Брим, рассом-сценограф Вячеслав Фесько каби таниқли усталар томонидан пойдевори қўйилган бой анъаналарни давом эттирмоқдалар. Бош рассом Зубайдулло Ботиров ва унинг сценограф ҳамкасблари Даврон Ражабов, Шавкат Маматкаримов, Аброр Шарифовнинг ҳиссалари эътирофга сазовор. Уларнинг ҳар бири ўз дастхатига эга ва спектаклни ўзларига хос тарзда образли тасаввур эта олишади. Либослар дизайнери Лобар Полвонова эса спектаклнинг образини қаҳрамонларнинг либослари аниқлиги ва образлилиги билан муваффақиятли бойитади.

Театр спектаклларида ролларни мимика ва пластика тили орқали ижро этувчи ҳамда турли хил опера ва балет спектаклларида қаҳрамонларни ишонарли тарзда сўзсиз бера олувчи, бироқ муҳим образни ёрқин намоён этиш вазифасини ўтовчи мимик ансабль (миманс) артистлари гуруҳи ҳам муҳим роль ўйнайди.

Ўн йилдан ортиқ муддат давомида театр қошида Талъат Баҳромов ҳамда педагоглар Ольга Булгакова (хормейстер) ва Юлиана Круковская (сольфеджио ва мусиқий адабиёт) раҳбарлик қилаётган Болалар опера-балет студияси сермаҳсул фаолият юритиб келмоқда. Студиянинг ёш аъзолари кўпчилик саҳна асарларида болалар хори сифатида бажону дил иштирок этмоқдалар, сектакллар ва Янги йил томошаларида ёш қаҳрамонлар ролини ижро этиб келмоқдалар, кўпчилик концертларда чиқишлар қилмоқдалар ва томошабинларнинг муҳаббатини қозонмоқдалар.

Театримизда истеъдоди ва меҳнати тўғридан-тўғри саҳнага чиқиш билан боғлиқ бўлмаган ажойиб инсонлар ҳам талайгина. Бироқ опера ёки балетнинг янгидан саҳналаштирилишини ҳам, репертуар афишаси спектаклларининг саҳнада ҳар куни ижро этилишини ҳам уларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Булар – театр деб аталмиш муассасанинг ишчи-хизматчилари ва ходимларидир: рассом-декораторлар, бутафория усталари, эркаклар ва аёллар либосларини тикиш цехлари андазачилари ва тикувчилари, саҳна машинистлари ва монтажчилари, реквизиторлар, ёруғлик бўйича рассомлар ва ёритувчилар, либос усталари, гримёрлар, пойабзал усталари, овоз режиссёрлари ва радистлар, афиша, дастур ва буклетлар дизайнерлари, электриклар, муҳандисларва бошқалар. Ҳар кеча томошабинларни фойеда бир гуруҳ театр чиптачилари кутиб олишади ва уларга чипталарда кўрсатилган жойларини эгаллашларига кўмаклашадилар. Бу цехларнинг барчаси ҳам театримиз тузилмасининг муҳим ва ажралмас қисмидир.

А. Навоий номидаги ДАКТ каби кўп қиррали, жанрларга бой ҳамда мураккаб тузилма фаолиятини турли вақтларда ва ўз баҳоли қудрат бошқарган театр директорларининг ёрқин исмларини хотирламаслик мумкин эмас, албатта. Улар орасида бу дунёдан ўтганлар ва умргузаронлик қилаётганлар – Мухтор Ашрафий, Раҳим Қориев, Мамажон Раҳмонов, Қўрқмас Муҳитдинов, Искандар Мусабеков, Бернора Қориевалар бор.

Театрнинг янги халқаро алоқалари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Бахтиёр Ёқубов раҳбарлиги остида мустаҳкамланди. Энг сермаҳсул лойиҳалар орасида биринчи навбатда “Тошкент баҳори” Опера ва балет санъати халқаро фестивали ва Ж. Пуччинининг 150 йиллигига бағишланган Фестиваль муваффақиятли ўтказилгани билан алоҳида ажралиб туради. Уларда Италия, Испания, Япония, Латвия, Россия, Украина ва Қозоғистондан келган артистлар иштирок этишди. Бу анжуманлар жамоатчилик томонидан кенг муҳокама этилди ва ўзбекистонликларнинг бошқа вокал ва балет мактаблари вакиллари, кўзга кўринган усталар – Анна Карновали, Хибла Герзмава, Михаил  Векуа, Жамила Баспакова, Лаура Хормигон, Оскар Торрадо кабиларнинг  ижоди билан танишишларига имкон берди. Ажойиб хонанда Елена Образцова, таниқли тенор Зураб Соткилава, дунёда машҳур мусиқачилар Гидон Кремер, Владимир Спиваков, Юрий Башмет, италиялик дирижёр Эдди де Надаи сўнгги йилларда Ўзбекистон пойтахти аҳолисини ўз концертлари билан хушнуд этишди. Киев симфоник оркестри ва хори, Н. Загурский номидаги Иркутск мусиқа театри каби катта ижодий жамоалар, К. Станиславский ва В. Немирович-Данченко мусиқа театри артистлари, Мариинск театри ва “Геликон опера” артистлари, шунингдек, алоҳида ижрочилар – Ж. Бортолато, А. Шагимурадова, М. Андреева, М. Тароне, Л. Каими ва бошқалар театр меҳмонлари бўлишди.

Театр балет труппасининг “Toyota City Balet Сompanу” балет мактаби билан ижодий алоқалари ҳам ривожланиб бормоқда. Кўплаб қизиқарли халқаро лойиҳалар шу ижодий уюшма билан боғлиқ бўлиб, Тойота (Япония) шаҳрида И. Юсуповнинг “Урашима Таро” либреттоси асосида Ф. Янов-Яновскийнинг янги балети премьераси сўнгги лойиҳалардан биридир.

Театрнинг хорижий давлатлар Элчихоналари билан халқаро алоқалари ҳам муваффақиятли давом этмоқда. Италия ва Россия иштирокида ва ҳомийлик кўмагида бир қатор халқаро лойиҳалар амалга оширилди, масалан, “Лючия ди Ламмермур”, “Богема”, “Севги шароби”, “Евгений Онегин”, “Шоҳ келинчаги” каби опера спектакллари саҳналаштирилди.

Шу йилларда театр ҳовлисида бошқа бир истеъдодли рақс ансамбли – “Сабо”нинг ижодий жиҳатдан туҳилиши ҳамда ташкил  топиши юз бериб, у томошабинлар меҳрини қозона олди ва хорижий мамлакатларга муваффақиятли ижодий сафарлар уюштирмоқда.

Ихтисослиги мусиқашунос, тажрибали ташкилотчи, бугунги кун опера ва балет санъати ривожи истиқболини яхши ҳис этувчи ва англовчи инсон – Маҳмуд Мўминович Муротов 2015 йилдан театрга раҳбарлик қилмоқда.     

Театрнинг 80 йиллик ҳаёти давомида юзлаб инсонлар бу юксак хизмат учун нафақат ўз истеъдодлари, маҳоратлари, балки бутун ҳаётларини ҳам бахшида қилдилар. Театримизда 30, 40, 50 йил ва ундан кўпроқ вақт давомида хизмат қилиб келаётган инсонлар жуда кўп. Албатта, ушбу мухтасар тарихий маълумотномада театр тарихида из қолдирган барча инсонларни номма-ном санаб ўтишнинг иложи йўқ, албатта. Бироқ, шубҳа йўқки, турли йилларда театрга келган ва ўзининг интилишларини, мавжудлигини, ижодий салоҳиятини театр билан боғлаган ҳар бир киши хотирланишга муносиб. Зеро театрнинг 87 йиллик тарихи – инсонлар ижоди тарихи,  уларнинг ҳаёти, истеъдоди, кўпчилик шахсий қобилиятларнинг ягона, умумий, аҳамиятли ва шарафли мақсад йўлида бирлаштирилиши натижасидир.

Мамлакатимизда саксон йилдан кўпроқ вақт давомида шундай ажойиб театр яшаб ва муваффақиятли ижод қилиб келаётгани – Мустақил Ўзбекистоннинг катта ютуғи. Алишер Навоий номидаги Давлат Академик Катта театри Ватанимиз маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади ҳамда мамлакатимиз ва халқимиз олтин солномасидан абадий ўрин олди.

Галерея

Театр кассаси: (+99871) 233-90-81, 232-19-48
Бош маъмур: (+99871) 233-33-36
Директорнинг томошабинлар бўйича ўринбосари: (+99871) 233-32-21
Театр манзили: 100029, Ўзбекистон, Тошкент ш., Зарафшон кўч., 28
Тел./факс: (+99871) 233-35-28, E-mail: info@gabt.uz, gabtuzb@mail.ru

Facebook: https://www.facebook.com/gabtnavoi/
Telegram: https://t.me/gabtuzb
Telegram отзывы: https://t.me/otziv_gabtuz