А.Навоий номидаги ДАКТ биноси қурилганига 70 йил бўлди

Бугун шаҳарнинг бетакрор меъморлик иншооти – Алишер Навоий номли Давлат академик Катта театри тарихий биноси қурилганига 70 йил бўлди, унинг лойиҳаси ўз даврининг энг таниқли меъмори, академик А.В.Шчусев томонидан яратилган эди.

1947 йил 6 ноябрда Тошкентда қувончли ғала-ғовур ҳукмрон эди – шу кеча янги театр иш бошлаганди.

Буюк ва ўхшаши йўқ қурилиш тугалланган ва томошабинларни янги саҳнада ўзига хос совға – М.Ашрафий, С.Василенконинг “Бахт водийси” янги операси кутарди.

Шом маҳали шаҳар чироқлардан янада чароғонлашди – кириш қисмида икки тарафдаги торшерлар, бинонинг олд қисмидаги жимжимадор қандиллар ҳамда лойиҳа муаллифи, таниқли академик А.В.Шчусев тахмин қилганидек, эртаклардаги мисол мармар қаср омманинг кўз ўнгида жонлангандек бўлди ва ўзининг ўйма эшикларини илк ташриф буюрувчилар учун кенг очди.

Ҳукумат аъзолари, жамоат арбоблари ва ижод аҳли, Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан келган вакиллар ўша кечанинг фахрий меҳмонлари бўлдилар.

Тантанаворлик, ёрқинлик, шод-хуррамлик! Энг катта хурсандчилик, ҳойнаҳой, қурувчиларнинг ўзида йўқ шодлиги эди.Ўтган 4 йил мобайнида енгиб ўтилган барча қийинчиликларни улар билмай, ким билсин, ахир?!ДАКТ биноси қўл меҳнати билан қурилганлиги эртак эмас, айни ҳақиқат.Ҳозирда ҳам улкан саналмиш бу иншоот қурилишнинг асосий механиги Егор Требенников ясаган 3 та қўлбола тиргак-дастак ёрдамида барпо этилди. Қурилиш техникаси бўлмаган ўша вақтларда энг зўр восита моҳир қурувчиларнинг меҳнаткаш қўллари эди.

1943 йилнинг кўклами...Қурилишнинг қайтадан бошлаб юборилиши кишилар учун ғалаба яқинлигидан дарак берувчи бир белги эди ва Тошкентда бирор-бир иш топилиб қолармикин, дея умид қилувчилар тўғри шу қурилишни излаб келаверишарди. Театр усталарни ўзига жалб этди ва тез орада бу ерда ажойиб жамоа шаклланди. Юқори малакали пардозчилар – Василий Калякин, Михаил Колпаков, Василий Якушин, Василий Кудрявцев, Степан Тагаринлар шундай дейишарди: “Биз питерликлармиз. Болалигимизда оталаримиз ва боболаримиз билан бирга Тошкентга сурган қилинган князь учун қаср қургани келганмиз.Шу ерга ўргандик, қолаверса, ўз ҳунаримизни ҳам сақлаб қолдик”. Бир куни қурилиш майдонида бир кексайиб қолган киши пайдо бўлди ва хонага кириб, елкасига осиб олган қопчиғидан бир тўда асбобни тўкиб, изоҳ бера бошлади: “Мен – Никифоров Фёдор бўламан, тиллакор устаман. Владимир ва Новгородда иконаларни олтин билан безатганман. Бу ерда ҳам керак бўлсам ажабмас. Асбоблар ҳам ўзим билан”. Айнан шу киши биринчи бўлиб театр қандилларини ўзи ясаган мордан локи ёрдамида тилла биланқоплаб берганэди.

Ташқи тарафдан ғишт териш ишларига уста Комил Салимов бош-қош бўлди, бу киши юқори малака, сифат бобида ўта талабчанлик ва халқона юморни ўзида мужассам этганлиги билан бошқалардан ажралиб турарди, бошлиққа мурожаат этаркан, қувноқлик билан дерди: “Қани, бир кўзингизни қисиб, терган ғишт қаторимизни охиригача текширингчи ҳатто Москва ҳам кўринади!Унинг чоки 10х10 мм ўлчамида ичкарига эзилган ғишт териш услуби ҳозир ҳам кишини лол қолдиради.

Бошқа икки уста эса, аксинча, камгап эдилар. Булар Михаил Карабанов ва Василий Шацкий бўлиб, улар ўзлари ясаган қўлбола дастгоҳда бир неча минг квадрат метр эман хомашёси паркет пол учун тайёр ҳолатга келтирилгунга қадар ишлов берилишини йўлга қўйдилар ва паркет ишлари учун асфальт мастикани эритишга соатлаб вақтларини сарфладилар.

Қурилишда ўз манфаатини ўйлайдиган ёки бефарқ кишилар йўқ эди. Агар шундай кишилар адашиб келиб қолишса, тез орада бўшаб кетишарди, чунки улар қурилишда ишлаётган, бу бинога илҳомбахш меҳнати ва профессионал тажрибалари фалсафасини жо айлаган кўплаб ажойиб қурувчи усталар билан чиқиша олмасдилар ҳам.

Қийинчилик даврлари, уруш вақти эди, қурилиш моллари етишмасди, лекин қуриш керак!Пардозлаш вақти ҳам етиб келди, бироқ бўр ҳам, бўёқ ҳам йўқ. Бундан хабар топган мармар бўйича ўймакор уста Болта Жўраев ишга киришади. Эртасига эрталаб қурилиш майдонида мармар бўлакларидан терилган ерўчоқ пайдо бўлди. Болта кечгача ўчоқ атрофида уймалашди ва куйдирилган мармарни идишларга солиб, сув билан тўлдирди ва устини зичлаб беркитди. 3 кундан сўнг Болта бошлиқнинг хонасига кирди, стол устига “қаймоқ” тўла косани қўйди ва мийиғида кулиб, деди: “Бу ейдиган нарса эмас! Бу билан деворларни қоплаймиз. Нафақат елимли бўёқ, балки мойбўёқдан ҳам қолишмайди!У олов ёрдамида мармар оҳактайёрлаган эди, балки бу ўзига хос усулни ҳозир ҳеч ким билмас ҳам.Бошқа сафар яна ўша Болта Жўраев мармар етишмаслиги муаммосини ҳам ҳал этишга муваффақ бўлган. МармарниҒозғондан келтиришар ва унинг захираси тугаб бораётир эди.Келгуси сафар тош олиб келишгаборишганида Болта бир отахонни учратиб қолади ва гап асносида у бир вақтлар қора мармар олинган ташландиқ кон ҳақида гапириб беради.Шу тариқа Тошкентга 3 та катта тош бўлагини олиб келиб, бундай совға билан Шчусевни бир оз шошириб қўйишди.Ишлов берилгач, мармар ял-ял товлана бошлади. У қора рангда бўлиб, оқ томирлари ва тилла сочмалари бор эди.Бу мармардан олд зиналарнинг юқори тутқичларини ясашда фойдаланишди.

Мазкур қурилишнинг барча иштирокчилари бамисоли бир жону бир тан эдилар. Уларнинг ҳар бири жонажон ва қадрдон бўлиб қолган умумий ишга ўз ҳиссасини қўшар эдилар. 25 га кирган ёш йигит Леонид Пикман қурилиш бошлиғи этиб тайинланди ва ўзи ҳақида яхши хотира қолдирди – тарихга назар ташлашимиз учун имконият яратди. Унинг ўғли Евгений отасининг эстафетасини қарийб 30 йил қўлдан бермади ва 1971–1975 йилларда театр қайта таъмирланиши ишига бош-қош бўлди, ўшанда театр биноси биз учун таниш кўринишга келган эди. Устун қаторлари ва катта гул устунлар мармар билан, бинонинг пойдевор қисми ва стилобати эса гранит биланқопланди. Ана шунда Шчусевнинг орзулари тўлиқ амалга ошди, десак хато қилмаган бўламиз, таниқли меъморнинг ижодий тахайюлида театр биноси гўёки Навоий асарларида тасвирланган эртаклардаги қасрлардек улкан мармар сандиқ кўринишига эга бўлиши керак эди. Айни вақтда бино миллий наққошлик санъати дурдоналаридан бири бўлиб қолди. Бино ичкариси деворлари ва шипига қараган киши уларни пардозлашда миллий ганч ўймакорлигининг тенгсиз намуналарини яратган қўли гул усталарнинг нафасини сезиб туради.Театримизга қадам ранжида қилувчилар бекорга бир овоздан: “Ман буни маҳорат деса бўлади! Асрларга татигулик иш-ку, бу. Гўзаллигини қаранг!” – дея хитоб қилишмайди.

Меъморчилик безакларининг катта қисми ҳамма учун севимли, меҳрибон, донишманд уста Тошпўлат Арслонқулов томонидан яратилдики, у ҳатто япон ишчиларини ҳам ганч ўймакорлигига ўргатди ва шогирд қилиб олди.

Театр саҳнасида опера ва балет спектакллари ривож топиб, ижодий баркамоллик касб эта бошлади. Рус классикасига мансуб, ўзбек тилидаги 1947–1948 йилларда “Пиковая дама” ва “Евгений Онегин”, 1950 йилда илк “Оққуш кўли” классик балети ва тўлақонли “Фарҳод ва Ширин”, “Тоҳир ва Зуҳра” опера спектакллари шулар жумласидан бўлиб, барча замонлар учун театр миллий репертуарининг жавоҳирларига айланди.

Артистларнинг катта авлоди эстафетасини ўрта авлод усталари муносиб қабул қилди. Халқ артисти С.Қобулова, С.Ярашев, Д.Низомхўжаев, С.Беньяминов, И.Юсупов, В.Васильев, Г.Ҳамроева, В.Проскурина, Н.Ёқубова, хизмат кўрсатган артист А.Азимов, Р.Кучликова, О.Кучликова, Т.Данилова ва бошқалар. Уларнинг ҳаммасини бир-икки сатрда айтиб адо этиб бўлмайди!

Вақт – оқар сувДАКТҳаёти янги минг йилликда кечаётганига ҳам 17 йил бўлибди, шу орада у ўз имкониятларини янгидан кўриб чиқиб, мамлакатимизнинг етакчи театри деган юксак номни батамом оқлаб келмоқда. ХХI аср кишилари театр биноси ўзига хос эканлигини унутишгани йўқва 2010-2015 йилларда бино бутунлай қайта таъмирланиб, эски пойдевор мустаҳкамланибгина қолмай, театр ички бўлмаларининг барчаси сезиларли даражада кенгайтирилди ва янгиланди. Қимматли ганч ва суратлар ҳам таъмирдан чиқарилиб, нафис ва бетакрор миллий ўймакорлик ишлари гўзаллиги ташриф буюрувчиларни мафтун этмоқда.

ДАКТ биносига 70 йил бўлибди!

Бу ҳам кўп, ҳам оз. Кўплиги шундаки, бу бир инсоннинг ҳаёти билан баравар.Театр ходимлари орасида у очилган вақтдаёт келиб, бутун умр шу ерда қолганлар бор. Озлиги шундаки, бошқа бирор театрда яратилиб, тикланиб, ривожланишнинг бундай ажойиб, бетакрор, қисқа тарихи учрамайди.

Катта театр, сенга нималарни тиласам экан?

Албатта, илҳом, ижодий режаларинг амалга ошиши ва кўп премьераларни тилаб қоламан! Санъат абадий, ахир! Биз яшаётган мураккаб асрда у инсонлар юрагини гўзаллик, муҳаббат ва эзгулик билан тўлдиришга, фикру хаёлимизни кундалик ташвишлардан халос этишга, қалб кўзимизни очишга, бизни яхши, пок инсонлар бўлишга ундайдиган кучдир.

Материални А.Навоий номидаги ДАКТ музейи мудири Юлия Серякова тайёрлади.

6 ноября 2017

Галерея

Театр кассаси: (+99871) 233-90-81, 232-19-48
Бош маъмур: (+99871) 233-33-36
Директорнинг томошабинлар бўйича ўринбосари: (+99871) 233-32-21
Театр манзили: 100029, Ўзбекистон, Тошкент ш., Зарафшон кўч., 28
Тел./факс: (+99871) 233-35-28, E-mail: info@gabt.uz, gabtuzb@mail.ru

Facebook: https://www.facebook.com/gabtnavoi/
Telegram: https://t.me/gabtuzb
Instagram: https://instagram.com/gabt.uz