Уч пардали, етти кўринишли опера.
Бастакор: П.Чайковский.
А.Пушкиннинг шу номли асари асосида М.Чайковский либреттоси.
Саҳналаштирувчи режиссёр: Ўзбекистон ва Озарбойжон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори, профессор Фирудин Сафаров;
Мусиқий раҳбар ва дирижёр: Халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори, профессор Дилбар Абдураҳмонова;
Саҳналаштирувчи рассом: Россия халқ рассоми Иван Севастьянов.
Спектакль давомийлиги: 3 соат 15 дақиқа.
Премьера 1890 йил 19 декабрда Петербургдаги Мариинск театрида бўлиб ўтган.
А.Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида илк премьера 1947 йилда бўлган.
А.Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида охирги марта 1999 йилда саҳналаштирилган.
Ҳозирги вақтда спектакль намойиш этилмаяптиҚИСҚАЧА МАЗМУНИ.
XVIII аср охири, Петербургдаги ёзги боғ.
Сайр қилувчилар узоқ кутилган қуёшли кундан баҳра олмоқдалар. Фақат Германнинг ичига чироқ ёқса ёримайди. У бир қизни севади, бироқ қизнинг исмини билмайди. Қиз аслзодалардан бўлиб, бадавлат, камбағал офицерга у қайрилиб ҳам қарамаса керак ҳойнаҳой. Князь Елецкийнинг сўзларига қараганда, нотаниш маъсума унинг қаллиғи Лиза экан. Герман умидсизликка тушган. Лизанинг бувиси – графиня билан учрашув ва Томскийнинг кекса аёлнинг сири ҳақидаги ҳикояси унда кучли таассурот қолдиради. Айтишларича, графиня ақл бовар қилмас ютуқ кучига эга уч қартадан воқиф эмиш ва уларни фақат ўз жонини бериш ҳисобигагина очиб ташлаши мумкин экан.
Герман нима қилиб бўлса ҳам қизнинг севгисига сазовор бўлишга қарор беради.
Дугоналари Лизани никоҳ билан табриклашади. Герман билан сўнгги учрашувдан қалби ҳаяжонга тўлган Лиза ўзида тобора кучайиб бораётган ҳис-туйғуни бостиришга ҳаракат қилади. Кутилмаганда балконда Герман пайдо бўлади. Муҳаббати кучи билан у Лизани дил изҳорини тинглашга мажбур этади. Кекса графинянинг кириб келиши уларнинг учрашувини бўлиб қўяди.
Петербурглик бадавлат тўранинг уйида бал.
Меҳмонлар орасида Герман ҳам бор. Оғайнилари кекса графинянинг сири ҳақида эслатиб, унга тегажоғлик қилишади. Лиза ва князь Елецкий кириб келишади. Лизанинг фикр-хаёли Герман билан банд. Лиза унга бувисининг ётоқхонасига олиб кирувчи яширин эшикнинг калитини беради, у орқали қизнинг хонасига кирса бўлади. Буни тақдирнинг ҳукмига йўйиб, Герман сирни билиб олишга аҳд қилади.
Герман нимқоронғи ётоқхонага яширинча киради. Ҳаяжон ичида ва нимадандир кўнгли ғаш бўлиб ёш графинянинг портретига тикилади у. Қадам товушлари эшитилади. Герман яширинади. Графиня ва Лиза ўтиб кетишади. Балдан кўнгли тўлмаган графиня уйқуга кетади.
Германнинг пайдо бўлиши кекса графинянинг беҳаловат уйқусини бузади. Йигит уч қартанинг сирини очишни сўраб графиняга ёлворади, бироқ ўлим талвасасига тушиб қолган кекса графиня индамайди… – қўрқинчли башорат амалга ошмоқда эди. Герман ўзини идора қила олмайди ва тўппончани чиқаради. Бунга дош бера олмаган графинянинг жони узилади. Шовқин-суронни эшитиб югуриб кирган Лизанинг ёзғириқлари унга кор қилмайди. Йигитнинг барча умидлари пучга чиққан.
Герман казармада. Ўйчан ҳолда у Лизанинг хатини қайта ўқийди. Графинянинг қиёфаси Германнинг ҳаяжонли тасаввурини банд этади. Йигит бу васвасадан халос бўлиш учун қочиб кетишга ҳаракат қилади. «Учлик, еттилик, туз»: унга саробга айланган қарталарнинг номлари эшитилади.
Нева бўйи. Лиза Германни кутмоқда. У бувисининг ўлимида севган йигити айбдор эмаслигига ишонишни истайди. Ниҳоят, Герман пайдо бўлади. Лиза қайноқ сўзлар билан унга ўз севгисини изҳор қилади, бироқ Германнинг тафаккури яна ўзига бўйсунмайди. Қиморхонада қарта ўйнаб тақдирини синаб кўриш ва Лиза билан бирга қочиб кетиш фикри унга тинчлик бермайди. Лиза Германни бу хомхаёлдан қайтаришга уринади, бироқ севган қизини ҳам танимайдиган даражадаги ҳаяжонга берилган йигит қочиб кетади. Тушкунликка тушган Лиза ўзини Невага ташлайди.
Қиморхона. Герман пайдо бўлади. Хаёлини банд этган икки қартани кетма-кет қўяди ва ютиб олади. Ҳамма ҳайрону лол қолган. Герман ютиб олган бор пулини сўнгги, учинчи қартага тикади. Бу гал омад князь Елецкийга кулиб боқади. Германнинг қўлига туз ўрнига дама пик қартаси тушади. Унда йигит кекса графинянинг заҳархандасини кўргандай бўлади. Ақлсизлик талвасасида у ўз жонига қасд қилади.