2 пардали, 5 кўринишли опера
О.Матчон либреттоси. Фирудин Сафаров таҳририда
Саҳналаштирувчи режиссёр: Ўзбекистон ва Озарбойжон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори, профессор Фирудин Сафаров
Мусиқий раҳбар ва дирижёр: Хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Фазлиддин Ёқубжонов
Саҳналаштирувчи рассом: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зубайдулло Ботиров
Либослар бўйича рассом: Лобар Полвонова
Балетмейстер: Ўзбекистон Республикаси Халқ артисти Қодир Мўминов
Илк премьера: А.Навоий номидаги ДАКТда 2015 йил 19 декабрда бўлиб ўтганҚИСҚАЧА МАЗМУНИ
ПРОЛОГ
Пролог. Тун. Зулфия Ҳамидга бағишлов ёзмоқда. Стол устидаги портрет унинг хотирасида жонли тимсолни уйғотади. У шоирнинг овозини эшитади. Зулфиянинг севги баҳори уни ёшлик йиллари, орзулар ва энг порлоқ умидлар даври сари элтади. У деразага яқинлашади ва гўёки қўмсалаётган ўша ёшлик дунёсига кирмоқчи бўлади.
I АКТ. I кўриниш
Халқ тоғ этагида баҳор байрами муносабати билан тўпланган. Тантаналар айни қизиган вақтда Ҳамид ва Зулфия пайдо бўлишади – уларнинг қалби бахт билан тўлиб-тошган. Улар халқ ўйинлари ва рақсларида бажону-дил иштирок этишади. Умумий кўтаринкиликдан сурурланган Ҳамид ва Зулфия баҳор, она-ерда ҳаётнинг уйғониши ва бахт-саодат ҳақида куйлашади.
II кўриниш
Ҳамид билан учрашув Зулфиянинг қалбида чуқур из қолдирди. Аллақандай ҳис-туйғу чулғаган қиз ўзига келиб олиш учун боғ томон ошиқади. Бу ерда, хилват жойда қоғозга илҳом ҳақидаги сатрлар тўкилади. Қизлар ва бахши кўриниш беришади. Уларнинг қўшиғи Ҳамид ва Зулфияни ўзига чорлайди. Илҳомланган шоир ўзининг Зулфияга бўлган муносабатини ошкор этади.
III кўриниш
Йиллар ортда қолади. Зулфия ва Ҳамид ўз тақдирларини боғлашди. Уларнинг Тошкентдаги уйлари дўстлар билан тўлади. Улар орасида Ғафур Ғулом ва Ойбек ҳам бор. Муқанна ҳақидаги янги сатрлар шоирларда завқ-шавқ уйғотади. Кутилмаганда юзага келган мушоира – шоирлар мусобақаси – ҳозир бўлганларнинг барчасини қувонтиради. Ўйин-кулги авжига чиққан паллада уйга ошиқиб кириганлар уруш бошлангани хабарини билдирадилар.
Барча донг қотиб қолади.
II АКТ. IV кўриниш
Ҳамиднинг ҳалок бўлганини эшитган Зулфия ўзини қўярга жой тополмайди. Ўтиб бораётган кунлар унинг қалбида чуқур кечинмалар ва руҳий азоблар қолдиради. Энг қимматли инсон тимсоли унинг хаёлидан ҳеч ўчмайди. Ҳамидга навбатдаги сатрларни бағишлар экан, толиққан Зулфияни уйқу элтади. Ҳаяжонга тўла тасаввурда Ҳамиднинг тимсоли ва яна аллақандай ғалати мотам куйи гавдаланади. Бу тасаввурлар бир пайдо бўлади, бир йўқолади. Ҳамиднинг овози Зулфияни сабр-тоқат ва мардликка чақиради. Халқ уни қўллаб-қувватлайди. Зулфия уйқудан уйғонади ва Ҳамиднинг чорловчи овозига эргашган ҳолда янги ҳаёт сари ошиқади.
V кўриниш
Дўстлар Зулфиянинг юбилейини нишонлашмоқда. Рақс ва қўшиқ авжида Ғафур Ғулом, Ойбек ҳамда Зулфия шогирдларининг илҳомбахш бағишловлари эшитилади. Бахтли шоира халққа миннатдорчилик билдиради ва уни улкан ютуқлар сари ундайди.