Уч пардали, олти кўринишли, прологли ва эпилогли балет.
Бастакор: А.Адан.
В.Сен-Жорж ва Ж.Мазилье либреттоси.
М.Петипа ва И.Юсупов хореографияси;
Мусиқий раҳбар ва дирижёр: Халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори, профессор Дилбар Абдураҳмонова;
Саҳналаштирувчи рассом: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зубайдулло Ботиров.
Спектакль давомийлиги: 2 соат.
А.Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида илк бор 1968 йилда саҳналаштирилган.
А.Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида охирги марта 2010 йилда саҳналаштирилган.
Пролог
Тун ва денгиздаги пўртана қароқчиларга қўл келади.
Конрад етакчилигидаги қароқчилар кемаси савдогарларнинг асиралар ва қимматли юк олиб кетилаётган икки мачтали елканли кемаси билан учрашади. Қулфурушларнинг кемаси қаттиқ қисувга олинади. Денгиз қароқчилари асираларни ва қимматли юкларни ўз кемаларига олиб ўтишади, савдогарларнинг кемасини эса чўктириб юборишади. Денгиз қароқчилари етакчиси Конрад асира қиз Медорага эътибор қаратади. Унинг гўзаллиги Конрадни лол қолдиради.
I парда
Биринчи кўриниш. «Денгиз қароқчилари ороли»
Кема денгиздаги кишибилмас қояли орол – қароқчиларнинг масканига келиб тўхтайди. Қароқчилар ўлжа билан қайтишади.
Бирбанто – денгиз қароқчилари етакчисининг ёрдамчиси – эсон-омон қайтиб келганликларини тантана қилишни таклиф этади.
Шод-хуррамликдан сўнг ҳамма тарқалади. Конраднинг Медорага эътиборидан хабар топган асиралар қиздан юртларига қайтишларига ёрдамлашишни сўрашади.
Конрад Медоранинг илтимосини рад этолмайди ва асираларни озод қилади.
Қароқчилар ўртасида, Бирбанто ва Конрад орасида кўп йиллар ичида илк бор келишмовчилик юзага келади. Бунга Конраднинг олижаноблиги сабаб бўлган эди.
Конрадга муваффақиятсиз ҳамладан сўнг Бирбанто унга қарши фитна тайёрлайди. У барча ҳамфикрларини Конраддан ўч олишга даъват қилади. Қароқчилар Бирбантога содиқ эканликлари ҳақида онт ичишади.
Иккинчи кўриниш. «Конраднинг ғори»
Тунда Бирбанто Конрадни ярадор қилиб, Медорани олиб қочади.
II парда
Учинчи кўриниш. «Сарой»
Бирбанто қудратли ҳукмдор Саид-пошонинг саройида пайдо бўлади ва унга соҳибжамол Медорани сотиб юборади.
Медорани узоқ вақт қидириш самара бермагач, Конрад саройга дарвиш кўринишида келади. У Саид-пошонинг эътиборини Медорадан чалғитишга ҳаракат қилади. Бирбанто Конрадни таниб қолади. Денгиз қароқчиларининг етакчиси пошонинг соқчилари томонидан қўлга олинади.
Конраднинг жасорати ва фидокорлиги Саид-пошонинг бош хотини Гулноранинг таҳсинига сазовор бўлади. У асирга нисбатан муҳаббат ҳисси билан тўлиб-тошади.
III парда
Тўртинчи кўриниш. «Зиндон»
Тунда Гулнора Конрад ҳибсда ушлаб турилган зиндонга яширинча киради. Гулнора унга ўз севгиси ҳақида гапиради ва асирга эркинликни таклиф этади. Бироқ Конрад Медорага содиқ. У Гулноранинг ёрдамидан фойдаланган ҳолда эркин бўлишни ўзига лойиқ кўрмайди.
Денгиз қароқчилари Конрадни зиндондан қутқариб оладилар.
Бешинчи кўриниш. «Саид-пошонинг саройи»
Денгиз қароқчиларининг дўстлари ёрдами билан Конрад Саид-пошонинг саройини эгаллайди, Медорани озод қилади ва сотқин Бирбантони шафқатсиз жазолайди.
Олтинчи кўриниш. «Жонланган боғ»
Медора ва Конраднинг орзу-умидлари.
Эпилог
Эркин ва ҳур Конрад ҳамда Медора ўз бахтлари томон сузиб борадилар.