Икки пардали, беш кўринишли опера.
Бастакор: М.Бафоев.
Либретто: Ж.Жабборова
Саҳналаштирувчи режиссёр: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳайдарали Қосимов;
Мусиқий раҳбар ва дирижёр: Ўзбекистон халқ артисти Сулаймон Шодмонов;
Саҳналаштирувчи рассом: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зубайдулло Ботиров.
Спектакль давомийлиги: 2 соат 20 дақиқа.
А.Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида илк премьера 1998 йилда бўлиб ўтган.
А.Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида охирги марта 2008 йилда саҳналаштирилган.
Опера сюжети тарихий воқеага асосланган бўлиб, у бизга Шарқнинг буюк алломаларидан бири Аҳмад ал-Фарғонийнинг шахсий ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида ҳикоя қилади. Унинг ҳаёти гўёки тарозидагидек намоён бўлади – бир палласида олимнинг ёрқин илмий кашфиётлари ва ҳайратомуз илмий салоҳияти, бошқа палласида эса ёш соҳибжамол Сафинага бўлган бахтсиз муҳаббати.
Қисқача мазмуни
Биринчи кўриниш
Фарғоналик ёш Аҳмад илм олиш учун Бағдодга йўл олади. Узоқ ва мураккаб сафарда роса толиққан йигит Мағриб ва Машриқ туташган майдонда тўхтайди. Бир муддат унинг хаёлига буюк илмни ўрганиш фикридан қайтсаммикин, деган ўй келади. Унинг руҳиятида ўзи билан ўзи ўртасида кураш кетади, Ватанга қайтиш ҳақида бир тўхтамга келиш масаласида иккиланади.
Безовталаниб турган ўспиринни кузатаётган нотаниш киши у билан суҳбатга киришади. Йигит ўзининг шубҳа-гумонларини очиқ айтади. Нотаниш киши Аҳмадга йўлда давом этишни таклиф қилади ва ҳеч нарсага осонлик билан эришиб бўлмаслигини тушунтиради, сафар машаққатлари эса билим олиш йўлида босиб ўтиш лозим бўладиган синовларнинг кичик бир қисми, холос, дейди у. Аҳмад нотаниш киши буюк Ал-Хоразмий эканлигини англайди, унга таъзим бажо келтиради ва алломанинг маслаҳатларига амал қилишга қарор беради.
Иккинчи кўриниш
Майдон халойиқ билан тўлган. Бу ерда мусулмонларнинг буюк ва муқаддас байрами – Рамазон ҳайити тантана қилинмоқда. Халқ Аллоҳга берган ноз-неъматлари учун шукроналик келтирмоқда. Олимлар ва зиёлилар пайдо бўлишади. Ал-Хоразмий Аҳмадни олимлар билан таништиради. Улар орасида ҳасадгўйлик одати билан шуҳрат қозонган ибн Юсуф ҳам бор.
Ёшларнинг байрам тантаналари авжига чиққан. Қизлар ва йигитлар ўртасида мусобақалар, топишмоқлар айтиш, ўйинлар давом этади. Шу пайт шоҳ Маъмун кириб келади. У барчани байрам билан табриклайди. Ал-Хоразмийнинг янги шогирди Аҳмад ҳақида эшитган Маъмун унга майдонда тўпланган халқ олдида дунёвий ва диний илмлардан имтиҳон топширишни таклиф этади. Ҳамма интиқлик билан кутади. Аҳмад Ал-Фарғоний берилган барча мураккаб саволларга жавоб қилади ва ақл-заковати билан халойиқни лол этади. Бироқ унинг муваффақияти ибн Юсуфга хуш келмайди.
Ўйин-кулги давом этади. Аҳмад ёш қизлар орасида тарсонинг қизи – соҳибжамол Сафинага кўзи тушади ва уни бир кўришдаёқ севиб қолади. Аҳмад ажойиб қиз ҳақида қўшиқ куйлайди, Ал-Фарғонийнинг эътиборини сезган гўзал Сафина унга яқинлашади. Уларнинг нигоҳлари бир-бирларига тушади ва улар ораларида пайдо бўлган ҳис-туйғуларини ортиқ пинҳон тута олмайдилар.
Учинчи кўриниш
Орадан бир неча йил ўтди. Аҳмад Ал-Фарғоний устози Ал-Хоразмий бошчилигида Бағдодда жуғрофия ва фалакиёт илми бўйича катта муваффақиятларга эришди. Ярим тунда ўз фикру хаёлларига ғарқ бўлган йигит гўёки юлдузлар билан сирларини ўртоқлашади. Турли сайёралар ва юлдузлар: Юпитер, Мирриҳ, Меркурий, Зуҳра, Сатурн, Ой мисли унинг ҳузурига фаришталар сифатида ташриф буюриб, инсоният ва борлиқ ҳақидаги сирларни у билан баҳам кўришгандек.
Бироқ тўсатдан Сафинанинг пайдо бўлиши Аҳмадни орзу-хаёллар дунёсидан муаммолар ва ташвишлар билан тўла реал ҳаётга қайтаради. Унинг суюкли ёри, христиан дини вакиласи отаси Аҳмаднинг исломдан воз кечиб, христианликни қабул қилишини хоҳлаётганини тушунтиради, акс ҳолда тўй ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Ал-Фарғоний бундай қила олмаслигини ўкинч билан тушунтиради. Муҳаббатга тўла юракларни ноумидлик ларзага солади. Аҳмад тушкунликдан ўртанади.
Тўртинчи кўриниш
Шоҳ Маъмун саройида олимлар ва зиёлилар йиғилишади. Шоҳ Миср султонидан шошилинч мактуб олингани, унда Нил дарёси тошиши эҳтимолининг олдини олиш учун ёрдам сўралаётгани хабарини беради. Шоҳ Ал-Фарғонийнинг илм-фанда эришаётган ютуқларини инобатга олиб, бу мураккаб вазифани унга ишониб топширишни ихтиёр этади.
Аҳмаднинг муваффақиятларидан анчадан буён ғаши келиб юрган Ибн Юсуф пайтдан фойдаланиб Аҳмадни бошқа динга ихлос қилишда айблайди. Тўпланганлар ҳайрон қолишади ва бу ҳақда Аҳмаднинг ўзидан сўрашади, йигит буни тасдиқлайди. Маъмуннинг жаҳли чиқади, йигит бу мураккаб вазифани ҳойнаҳой уддалай олмаса керак, деган фикрга боради ва энди Аҳмадни атайин у ерга юбормоқчи бўлади.
Ал-Фарғоний ўз ўй-хаёлларига ғарқ бўлади, у Ватани, онаси ҳақидаги фикрларга чўмган. Фикран у буюк шахслар билан суҳбат қуради. Гўзалликда тенги йўқ Сафина яна кўз олдидан ўтади.
Бешинчи кўриниш
Нил дарёси қирғоғи. Ал-Фарғоний бошчилигидаги халойиқ дарё тошиши ва сел келишидан муҳофазаланиш қурилмалари лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Дарё қутура бошлайди, тўлқинлар узра дарё илоҳаси кўриниш беради. Дарёни тизгинлаш учун Ал-Фарғоний ўзининг бор кучи ва илмий салоҳиятини сарфлайди. Ва ниҳоят, дамбанинг қурилиши тугалланади. Халқ тантана қилади ва Ал-Фарғонийни ғалаба билан қутлайди. Мана шу шукуҳли онларда у кишилар орасида севган ёри Сафинага кўзи тушади. Уларнинг ҳис-туйғулари янгидан алангаланади.
Ал-Фарғонийнинг ибн Юсуф бошчилигидаги рақиблари пайдо бўлиши катта тўқнашувга сабаб бўлади. Юсуфнинг тарафдорларидан бири Ал-Фарғонийга пичоқ билан ҳамла қилади, бироқ сўнгги дақиқада Сафина севган ёрини ўз танаси билан тўсади. Ўнглаб бўлмас фожеа юз беради…
Барча рақиблар ортга чекинишади ва ғойиб бўлишади. Ал-Фарғоний ғам-ғуссага чўмганича ёлғиз қолади ва тақдири азалнинг битигидан чексиз қайғуга ботади.
Театр кассаси: (+99871) 233-90-81, 232-19-48
Бош маъмур: (+99871) 233-33-36
Директорнинг томошабинлар бўйича ўринбосари: (+99871) 233-32-21
Театр манзили: 100029, Ўзбекистон, Тошкент ш., Зарафшон кўч., 28
Тел./факс: (+99871) 233-35-28, E-mail: info@gabt.uz, gabtuzb@mail.ru
Facebook: https://www.facebook.com/gabtnavoi/
Telegram: https://t.me/gabtuzb
Instagram: https://instagram.com/gabt.uz