«Минг бир кеча», Ф.Амиров
Икки пардали, эпилогли балет.
Мақсуд ва Рустам Ибрагимбековлар либреттоси.
Саҳналаштирувчи балетмейстер: Ўзбекистон халқ артисти Иброҳим Юсупов;
Мусиқий раҳбар ва дирижёр: халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори, профессор Дилбар Абдураҳмонова;
Саҳналаштирувчи рассом: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зубайдулло Ботиров.
Спектакль давомийлиги 1 соат 40 дақиқа.
А.Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида илк премьера 1997 йилда бўлиб ўтган.
А.Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида охирги марта 2006 йилда саҳналаштирилган.
«Минг бир кеча» балетида афсонавий ва реал ҳаёт, уйдирма ва ҳақиқий ҳис-туйғулар ҳамда эҳтирослар уйғунлашиб кетган. Пировардида аёллар ва эркаклар омили ўртасидаги тўхтовсиз курашда муросага келинади. Ажойиб Шаҳризодада вобаста бўлган санъат кучи эвазига золим Шаҳриёр дунёда ҳақиқий севги ва садоқат мавжудлигини англаб етади.
Биринчи парда
Қадимий афсонага кўра, қудратли шоҳ Шаҳриёр кунлардан бир куни хотини билан хайрлашади ва шикорга жўнайди. Кутилмаганда саройга қайтган шоҳ хотини қулнинг қучоғида ётгани устидан чиқади. У хотинини ўлдиради ва даҳшатли қарорга келади – шоҳликдаги барча ёш аёлларни қатл эттириш лозим.
Бироқ ёвузлик ва зўравонлик дунёси Гўзаллик ва Донолик билан алмашинади – бу Шаҳризода эди. Шаҳриёрнинг қаҳр-ғазабга тўла қалбида Муҳаббат уйғонади. Бироқ мана шу ҳис-туйғу ҳам ёвуз қалбни эрита олмайди ва Шаҳризода ҳам бошқа минглаб аёллар каби қатл этилиши лозим. Шаҳризода шоҳга минг бир кеча давомида эртаклар айтади…
Иккинчи парда
«Денгизчи Синдбод ва Бахт Қуши ҳақида»
Аёвсиз тўфондан сўнг жасур денгизчи Синдбод кимсасиз оролга тушиб қолади. Ўзига келгач, ғаройиб Бахт қушига кўзи тушади, кимки бу қуш билан учрашиш бахтига муяссар бўлса, унинг ҳаёти нурафшонлик ила йўғрилар эди. Бироқ Бахт қуши ғамгин –душмани бўлмиш ёвуз қуш Руҳ унга ҳеч тинчлик бермасди. Бироқ жасур Синдбод Руҳ қуши билан мардонавор олишади ва жангда енгиб, Бахт Қушини ёвуз Руҳ қушининг домидан қутқаради. Бундан буён Бахт Қушининг меҳрли нури унинг ҳаёт йўлини, шунингдек, қалби қайноқ ва кўнгли тоза бошқа инсонларнинг йўлини ёритади.
«Соҳибжамол Будур ва Аловиддин ҳақида»
Шарқона бозор. Кутилмаганда карнай-сурнайларнинг жарангли овози янграйди. Шу ерлик ҳукмдорнинг қизи соҳибжамол Будур чодир остида, соқчилар кузатувида ўтиб кетаётган эди. Оддий кишилар унга қарашлари ман этилган бўлиб, кимки бунга ҳадди сиғса, уни ўлим жазоси кутарди. Бироқ Аловиддин бу тақиқни бузади ва биргина қарашдаёқ унинг қалбида қизга нисбатан муҳаббат аланга олади. Ёш Будур ҳам ҳис-туйғусини яшира олмайди. Кутилмаганда маккор Мағриблик пайдо бўлади ва Аловиддиннинг сеҳрли чироғига эга бўлишни ихтиёр этади. Мағриблик севишганларни бир-биридан ажратади. Бироқ айёр ва маккор душман билан олишувда Аловиддиннинг қўли баланд келади ва чироқнинг ичидан чиққан содиқ Жин унга маҳбубаси Будурни, шунингдек, улкан ва ажойиб Муҳаббат бахтини қайтаради.
«Али-Бобо ва қирқ қароқчи ҳақида»
Али-Бобо бехосдан сеҳрли ғорнинг сиридан воқиф бўлади. У ерга кириб, қароқчилар томонидан талаб кетилган бир қоп олтинни олиб чиқади. Бундан хабар топган қароқчилар унинг изига тушишади ва яқин орада ундан ўч олишни режалаштиришади. Али-Бобо шошилиб уйига келади. Севимли ва содиқ хотини Маржона унга ёрдам беражагини билдиради. Қароқчилар тўдаси бошлиғи Али-Бобони ўлдириш мақсадида унинг уйига бадавлат меҳмон либосида кириб келади. Айёрлик билан ишлаб чиқилган режага кўра Маржона меҳмонни хушмуомалалик билан кутиб олади ва унга иззат-икром кўрсатади. Унинг олдида рақсга тушаркан, гўзаллиги билан тўда бошлиғининг бошини айлантиради ва унинг ҳушёрлигини сусайтиради. Қулай фурсат пойлаб турган Али-Бобо ва Маржона уни зарарсизлантирадилар. Яхшилик ёмонлик устидан яна ғалаба қозонади, оқиллик ва донолик эса аҳмоқлик ва такаббурликдан устун келади.
ЭПИЛОГ
Шаҳризоданинг Муҳаббат ва Садоқат кучи ҳақидаги ажойиб эртакларини тинглаганидан кейин ҳам Шаҳриёрнинг кўнгли тинчлана олмайди. Унинг қалбида Муҳаббат ва Рашк ўзаро курашга киришади. У яна овга жўнашга аҳд қилади. Шаҳризода унга содиқ қолармикин ёки унинг ажойиб эртакларидагина Яхшилик Ёмонлик устидан ғалаба қозонармикин?
Овдан қайтгач, Шаҳриёр Шаҳризодани унинг ғаройиб эртаклари қаҳрамонлари даврасида учратади. Шаҳриёрнинг қалбида бундан буён Муҳаббат ва Меҳр-оқибат абадул-абад ўрин олади…