2 пардали балет
Я.Илёсовнинг «Доғли ўлим» қиссаси асосида П.Узоқов либреттоси
Ўзбекистон халқ артисти Иброҳим Юсупов хореографияси
Мусиқий раҳбар ва дирижёр – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Фазлиддин ЁҚУБЖОНОВ
Дирижёр – Содиқ ҒОИБОВ
Балетмейстер – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоғистон халқ артисти Замир НУРИМБЕТОВ
Саҳналаштирувчи рассом – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зубайдулло БОТИРОВ
Либослар бўйича рассом – Лобар ПОЛВОНОВА
Спектакль давомийлиги 2 соат 20 дақиқа
А.Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида илк маротаба 1984 йилда намойиш этилган.
А.Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида охирги марта 2016 йил 24 февралда қўйилган.
Биринчи парда
Биринчи кўриниш
Қабила ўз йўлбошчисини дафн этмоқда. Ўзига тўқ сак Фрада ва йўлбошчининг рафиқаси Тўмарис тахтни эгаллаш учун талабгорлар. Ўз тарафдорлари кўмагида Фрада Тўмарис билан баҳсга киришади, бироқ халқ Тўмарис малика бўлишини истайди. Аёвсиз олишувда Тўмарис Фрадани енгади. Сак халқи уни ўз ҳукмдори деб эълон қилади.
Иккинчи кўриниш
Форс шоҳи Кайхусрав ўзининг ёзги қароргоҳида дам олмоқда. Ўз халқини сотган Фрада шоҳга унинг сатрапликларидан бири мустақиллик эълон қилгани хабарини етказади. Жаҳон ҳукмдори ғазаб отига минади. У шу заҳотиёқ қўзғолон кўтарган қабила томон юриш қилишга тайёр. Бироқ Фрада шоҳга саклар маликасининг гўзаллиги ҳақида сўзлаб беради ва “шаҳаншоҳ”, ҳали Тўмарисни кўрмаган бўлса-да, унга мафтун бўлади. Коҳинлар низони тинч йўл билан ҳал қилишни таклиф этадилар. Кайхусрав сак маликасига Фрада раҳбарлигидаги катта элчилар гуруҳини жўнатади. Улар Тўмарисга қимматбаҳо инъомларни ва форс шоҳига хотин бўлиш таклифи белгиси сифатида тожни тақдим этиши лозим эди.
Учинчи кўриниш
Спаргапа пайдо бўлади. Уни йигит-қизлар ўраб олишади, Спаргапанинг маҳбубаси Райяда ҳам улар орасида. Райяда Спаргапани шўх-шодон рақсга ундайди, бироқ Тўмарис уларни тўхтатади. Спаргапа Тўмарисни Райяда билан таништиради. Малика ўғли ва келинига оқ фотиҳа беради. Спаргапа ва Райяданинг тўйи авжига чиққан. Тўмарис бахтдан масрур. Кутилмаганда форс элчиларининг кириб келиши шод-хуррамликни бўлиб қўяди, элчилар орасида Фрада ҳам бор эди. У маликага “шаҳаншоҳ” билан бир ёстиққа бош қўйиш таклифини маълум қилади ва шоҳнинг совғасини – олтин тожни топширмоқчи бўлади. Бир-бирига зид ҳис-туйғулар Тўмарисга тинчлик бермайди: унга «шаҳаншоҳ»нинг рафиқаси бўлиш истаги ёқимли туюлади, бироқ у тожни қабул қилиш ўз халқини сотиш ва уни шафқатсиз Кайхусравнинг қарамлигига топшириш билан баробар эканини, рад этиш эса урушни келтириб чиқаришини ҳам тушунади. Тўмарис ўз халқи эркинлигини ўйлаб уруш йўлини танлайди.
Иккинчи парда
Тўртинчи кўриниш
Кайхусрав Тўмариснинг жавобини кутади. Элчилар қайтиб келишади, Фрада Кайхусравга саклар маликаси рад этган тожни қайтаради. Ғазаби тўлиб-тошган Кайхусрав Фрадани шафқатсиз жазолайди ва кечиктириб бўлмас қарор чиқаради – саклар қабиласи томон уруш очиш ва унинг мағрур маликаси Тўмарисни куч билан бўйсундиришга аҳд қилади. Аскарлар Кайхусравга қилич – уруш тимсолини тантанали равишда топширадилар.
Бешинчи кўриниш
Райяда ва Спаргапа ёлғиз. Ўзлари билан ўзлари бўлиб, форс қўшинларининг илғор қисмига дуч келишади ва асирга олинадилар. Форс шоҳи ғолиблик нашидасини суради: энди тақдирнинг ўзи сак маликасини унинг қўлига топширмоқда. Кайхусрав Райядага Спаргапанинг кўкрагидан юлиб олинган тумор – унинг онаси берган совғани тақдим этади ва қиздан буни Тўмарисга элтиб беришни сўрайди. Сак қабиласининг мерган қизлари бостириб киришади ва қонли жанг бошланади. Жанг Тўмариснинг пайдо бўлиши билан бир зум тўхтайди. Кайхусрав унинг оёқлари остига асирга олинган Спаргапани келтириб ташлайди. Тўмарис икки ўт орасида қолади, у ўғлини фақат Кайхусравга тобелиги эвазигагина қутқариши мумкин эди. Бироқ Спаргапа ўз тақдирини ўзи ҳал этади – ханжарни олиб, ўз жонига қасд қилади. Онаси чексиз ғам-қайғуга ботади. Бироқ қотилга нисбатан нафрат туйғуси Тўмарисни куч-ғайратга тўлдиради. У Кайхусрав билан олишувга мардона киришади ва аёвсиз курашда енгилган «шаҳаншоҳ» Тўмариснинг оёғи остида йиқилади.
Олтинчи кўриниш (эпилог)
Янги кун тонги. Тўмарис кўтарилиб келаётган қуёш нурлари остида мағрур турибди. Мағлуб форс аскарлари унинг қаршисида тиз чўкишган. Тўмарис уларнинг боши узра қилични – уруш тимсолини синдиради. Сак халқи янги, тинч ва осуда кун кириб келганини шарафлайди!
Театр кассаси: (+99871) 233-90-81, 232-19-48
Бош маъмур: (+99871) 233-33-36
Директорнинг томошабинлар бўйича ўринбосари: (+99871) 233-32-21
Театр манзили: 100029, Ўзбекистон, Тошкент ш., Зарафшон кўч., 28
Тел./факс: (+99871) 233-35-28, E-mail: info@gabt.uz, gabtuzb@mail.ru
Facebook: https://www.facebook.com/gabtnavoi/
Telegram: https://t.me/gabtuzb
Instagram: https://instagram.com/gabt.uz