ҚИСҚАЧА МАЗМУНИ
ПРОЛОГ
Кекса Граф ди Луна қари лўли аёлни жодугарликда айблаб, уни гулханга ташлашга буйруқ беради. Даҳшат ичида қолган ижрочилар чеккада лўли аёлнинг қизи Азучена кузатиб турганини пайқаб қолишади.
Биринчи кўриниш
Орадан 20 йил ўтди.
Соқчилар бошлиғи Феррандо кўп йиллар олдин бўлиб ўтган воқеаларни ҳикоя қилиб бермоқда. Марҳум графнинг икки ўғли бўлиб, кекса лўли аёл улардан бирига сеҳр-жоду ишлатган ва шу қилмиши учун гулханга ташланган. Лўли аёлнинг қизи Азучена онасининг азоб-уқубатлари учун графдан ўч олишга қасамёд қилган. У графнинг кичик ўғлини ўғирлаган ва у билан бирга ғойиб бўлган. Эртасига эса лўли аёл ёқиб юборилган гулхан кули ичидан ёш боланинг танаси қолдиқлари топилган. Марҳум граф кичик ўғлининг ўлимига барибир ишонмаган ва жон таслим қилаётганида катта ўғлига укасини қидириб топишни васият қилган. Мазкур ҳикоя ҳаммани даҳшатга соларди. Уларга жодугарнинг руҳи қасрнинг атрофида айланиб юргандек туюларди.
Герцогиня Леонора севикли ёри – трубадур Манрикони кутмоқда, қиз у билан рицарлар мусобақасида танишган эди. Леонорани севиб қолган Граф ди Луна қизни кўришга ошиқади, бироқ трубадурнинг қўшиғи уни тўхташга мажбур этади. Манрико пайдо бўлади ва Леонора уни қувонч билан қарши олади. Рақиблар ўртасида тўқнашув бўлиб ўтади.
Бискай тоғидаги лўлилар тўдаси. Кекса лўли аёл Азучена ғамгин. У Манрикога онаси кекса граф ди Лунанинг буйруғига биноан гулханга ташланганлигини гапириб беради. Азучена ўч олишни истарди: у графнинг ўғлини ўғирлаб, уни айнан ўша гулханга ташламоқчи эди, бироқ ғам-кулфатдан эс-ҳушини йўқотиб ўнглаб бўлмас хатога йўл қўяди – гулханга ўзининг фарзандини ташлайди. Манрико буни эшитиб лол қолади – демак, у Азученанинг ўғли эмас. Лўли аёл ўзининг муҳаббати ҳақида гапириб, уни юпатади. Манрико қасос олиши лозим.
Хабарчи Манрикога номани топширади: Леонора Манриконинг ўлими ҳақида ёлғон хабар олгач, монахликни қабул қилиш учун сочини олдиради. Азучена ўғлини тутиб қолишга беҳуда уринади – у Леонорасиз яшай олмас эди.
Граф ди Луна трубадур ўлди, деб ўйлайди ва Леонорани монастирдан олиб қочишга аҳд қилади. Манриконинг пайдо бўлиши ҳаммани ҳайратда қолдиради. Граф ғазабдан ёнади – унинг рақиби ўликлар орасидан тирилиб келгандек эди. Леонора бу балодан қутулиб қолганидан ўзида йўқ шод эди. Графнинг яқинлари чекинишади.
Иккинчи парда
Граф ди Лунанинг лагери. Аскарлар Леонора ва Манрико яширинган қасрни қамал қилишга тайёргарлик кўришмоқда. Қўл-оёқлари боғланган Азученани келтиришади ва Феррандо унинг қиёфасида бир вақтлар граф ди Лунанинг кичик укасини ўғирлаб кетган лўли аёлни таниб қолади.
Леонора ва Манриконинг никоҳ маросимига ғулғула соя ташлади: қаср душманлар томонидан ўраб олинган, шиддатли жанг бўлиши кутилмоқда, Азучена эса граф ди Лунанинг қўлида тутқунликда ва унга ўлим хавф соляпти.
Манриконинг жангчилари тор-мор қилинди ва трубадур асирга олинди. Леонора ҳар қандай йўл билан бўлса-да, севикли ёрини қутқаришга тайёр, у иложсизликдан графга Манрикони озод этишини сўраб ёлвормоқда. Ниҳоят, Леонора сўнгги чорани қўллашга аҳд қилади: у графнинг рафиқаси бўлишга ваъда беради, бироқ ҳеч кимга билдирмай заҳар ичади.
Қоронғи ертўлада Манрико ва Азучена ўлимларини кутиб ётишибди. Лўли аёлнинг кўзига онасини ёқиб юборишган гулхан кўринади. Леонора кириб келади, у Манрикога эркинлик олиб келди: ертўланинг эшиклари унинг учун очиқ, бироқ ўзи у билан қочиб кета олмайди. Манрико маҳбубасини қаттиқ койийди – у ўзининг қасамёдини унутди. Бундай баҳо эвазига сотиб олинган эркинлик унга керак эмас. Заҳар таъсир кучини кўрсата бошлаганидагина Манрико Леоноранинг ўз-ўзини қаҳрамонона қурбон қилгани ҳақида билиб олади.
Эпилог
Кўзини очган Азучена ўз ўғлини қидира бошлайди. Аёлни хўрлар экан, граф унга Манрико ўлганини айтади. Шунда даҳшат ва ғам-кулфатдан ақлдан озаёзган лўли аёл графга аччиқ ҳақиқатни очади: «Сен ўз укангни ўлдирдинг!». Манрикосиз яшашни истамаган Азучена ўзини гулханга отади.