Азарий Михайлович Плисецкий Тошкентда

Бугун, 7 октябрь куни, Майя Плисецкаянинг туғишган укаси Азарий Михайлович Плисецкий пойтахтимизга ташриф буюрди. 

А. Навоий номидаги ДАКТ раҳбарияти моҳир педагог, хореографни ўзбек ёзувчиси Ш.Рашидовнинг юз йиллигига бағишлаб унинг қаламига мансуб асар асосида А.Меликовнинг “Икки дил достони” спектакли премьераси саҳналаштирилишида балет труппаси билан ишлаш учун таклиф этди. Премьера октябрь ойи охирида бўлиб ўтади.

Азарий Михайлович 2 ҳафта давомида театр балети артистлари учун қатор маҳорат дарсларини ўтказади, ўз тажрибаси ва илҳоми билан ўртоқлашадики, бу, унинг фикрича, муваффақиятга эришишнинг асосий шартларидан биридир.
Интервьюлардан бирида Азарий Михайлович шундай деди: "Бугун ҳамма нарсанинг имкони бор – Интернетда ҳар қандай вариацияни топиш, уни юзлаб маротаба кўриш, ҳаммасини ўрганиб олиш мумкин. Техника такомиллашмоқда, бироқ илҳом ва ўзига хослик – камдан кам учрайдиган ҳолат. Бир сўз билан айтганда, раққослар кўп, истеъдодлар эса кам. Айнан шу боис, яъни дилга яқинлиги билан мукаммал техника узвий боғлиқлиги туфайли рус балет мактаби томошабинлар эътиборини қозонишда давом этмоқда!"

Яқин орада рус мактаби руҳининг кичкина бир бўлагини ажойиб хореограф ва машҳур Плисецкийлар сулоласи педагоги қўл урган “Икки дил достони” балети саҳналаштирилишида кўришимиз мумкин бўлади.

Азарий Михайлович Плисецкий – балет артисти, педагог ва хореограф. Плисецкий-Мессерерлар театр сулоласи вакили: Михаил Плисецкий ва актриса Рахиль Мессерерларнинг ўғли, Александр ва Майя Плисецкийларнинг укаси. Швейцарияда истиқомат қилади.

1937 йил 13 июлда Москва шаҳрида совет арбоби Михаил Плисецкий ва овозсиз кино актрисаси Рахиль Мессерер оиласида туғилган. Отасини ҳеч қачон кўрмаган – у 1937 йил 30 апрелда жосусликда айбланиб қамоққа олинган ва 1938 йил 8 январда, Катта террор айни авж олган вақтда отилган. Баҳорда, ҳали бир ёшга тўлмаёқ Азарийнинг онаси ҳам қамоққа олинган. Азарий ҳаётининг илк йилларини онаси билан биргаликда аввал Бутирка турмасида, кейин эса Оқмўладаги Ватан хоинларининг хотинлари лагерида, 1939 йил кузидан эса Чимкент (Қозоғистон)даги манзилда ўтказади. Уч йил ўтгач, 1941 йил баҳорида онаси билан Москвага қайтади.

Москва хореография билим юртига ўқишга киради ва уни 1956 йили тугатади. Ўқишни битиргач, Большой театр труппасига қабул қилинмайди, чунки у ерда “Плисецкийлар шундоқ ҳам кўп” эди. Бир йилдан сўнг, 1957 йили, ҳарқалай, уни театрга олишларига эришади. Большой театр балет труппасининг АҚШдаги илк гастролларида иштирок этади. 1962 йилда Кубада ишлаш учун кўпдан-кўп таклифлардан биринини, ниҳоят, қабул қилади. Куба миллий балетида труппа премьери ва прима-балерина Алисия Алонсонинг шериги эди. Шунингдек, ўғил болалар синфида классик рақсдан дарс бера бошлайди. Ўша ерда, Кубада, ўқувчиларининг саҳна амалиёти учун асарларни саҳналаштириб, ўзининг хореограф сифатидаги иқтидорини синовдан ўтказа бошлайди.

1964 йилда бирваракайига уч нафар кубалик балериналар – танлов иштирокчилари, яъни Мирта Пла, Аврора Бош ва Лойпа Араухоларнинг шериги сифатида Варна (Болгария)да бўлиб ўтган Балет артистлари I Халқаро танловида иштирок этади. Жюри томонидан шериклик учун махсус дипломга муносиб кўрилади. Танлов ниҳоясига етгач, кўп ўтмай Лойпа Араухога уйланади.

1969 йилда ГИТИСнинг театршунослик факультетини тугатади. Кубани тарк этгач, турли мамлакатларда дарс бера бошлайди. Францияда балетмейстер Ролан Пети, Испанияда Мадрид қироллик балети билан ҳамкорлик қилади. Шунингдек, Японияда ҳам ишлайди, у ерда “Дон Кихот”, “Ромео ва Джульетта” ҳамда “Камелия тутган хоним” балетларини саҳналаштиради.

Педагог сифатида айниқса «Бежар балети» билан узвий алоқадорликда иш олиб боради. 1992 йилдан Морис Бежарнинг «Рудра» мактаб-студияси педагог-репетитори.

Нью-Йоркда Америка балет мактабида ишлаган. Шунингдек, 2006 йилда Михаил Барышников Санъат марказида маҳорат дарсларини ўтказган. 2008 ва 2014 йилларда Россияга ташриф буюриб, Большой театрда, шунингдек, Санкт-Петербург ва Новосибирскда маҳорат дарсларини ўтказган.

Мукофотлари ва унвонлари:

1964 – Варна (Болгария)да бўлиб ўтган Балет артистлари I Халқаро танловида шериклик учун диплом
1976 – РСФСР халқ артисти
2017 – “Дружба” ордени

2017 йил 7 октябрь

7 октября 2017

Галерея

Театр кассаси: (+99871) 232-19-48
Бош маъмур: (+99871) 233-33-36
Директорнинг томошабинлар бўйича ўринбосари: (+99871) 233-32-21
Театр манзили: 100029, Ўзбекистон, Тошкент ш., Зарафшон кўч., 28
Тел./факс: (+99871) 233-35-28, E-mail: info@gabt.uz, gabtuzb@mail.ru

Facebook: https://www.facebook.com/gabtnavoi/
Telegram: https://t.me/gabtuzb
Instagram: https://instagram.com/gabt.uz