"КУМУШ" операси ПРЕМЬЕРАСИ

Буюк ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллигига Катта театрда ҳомийлар "Sothis Aegis" ва Шодиев халқаро фонди кўмагида Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи асосида "КУМУШ" операси премьераси тайёрланяпти. Саҳналаштирувчи – Мариинск театри режиссёри Эркин Габитов.

"
Дунёда битта буюк ҳақиқат мавжуд, у ҳам бўлса: «Орзуси бор ва уни амалга ошириш учун уринадиган кишигина бахтлидир". (А. Қодирий) 
Болалигиданоқ Навоий, Лутфий, Муқимий, Фурқат, Чўлпон, Фитрат ва ўзбек адабиётининг бошқа классиклари асарларини ўқиб тарбия топган Абдулла Қодирий доим янги асарлар яратишга – роман, ҳикоя ёки шеър ёзишга жазм этар, халққа замонавий "Тоҳир ва Зуҳра", "Фарҳод ва Ширин", "Чор дарвиш" каби асарларни тақдим этишга ҳаракат қиларди. “Ўткан кунлар” романи сўзбошисида у шундай ёзади: «Ёзмоққа ниятланганим ушбу — «Ўткан кунлар», янги замон рўмончилиғи билан танишиш йўлида кичкина бир тажриба, яна тўғриси бир ҳавасдир". 
Роман дунё юзини кўргач ёзувчининг орзуси биринчи уринишдаёқ ушалгани маълум бўлди. «Ўткан кунлар» янги реалистик проза жанрининг тамал тоши бўлди ва ўзбек адабиётининг олтин захирасидан жой олди. 
Мазкур романнинг мавзуси опера ўқуви учун энг ёрқин мавзу ҳисобланади, зеро у мозийнинг тарихий воқеаларидан ҳикоя қилади ва халқимизнинг бугуни ва келажаги учун катта аҳамият касб этади.

Сюжет томошабинларни узоқ ўтмиш сари етаклайдики, унинг замирида Отабек ва Кумушнинг абадий муҳаббати ётади. Унинг Йўлдош Аъзамов томонидан экранлаштирилган фильми ўзбек киносининг классик асарига айланган. Бир неча йил олдин эса кинорежиссёр Мелис Абзалов мазкур асарнинг ўз киноталқинини тақдим этди. Шубҳа йўқки, «Кумуш» операси ҳам Ўзбекистон мусиқий маданиятида муносиб ўрин эгаллайди.

Премьера намойишлари:
10 ноябрда 18:00да,
14 ноябрда 18:30да бўлиб ўтади

Икки йил давомида театр жамоаси операнинг ўзбекистонлик машҳур бастакор М. Тожиев (1944-1996 йиллар)нинг 1988 йилда А. Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи асосида Иззат Султон ёзган либретто асосида яратилган “Кумуш” операси адабий ва мусиқий материали янги таҳрири устида катта иш олиб борди.
Ўша йиллари бу асар театр раҳбарияти муҳокамасига ҳавола этилган бўлиб, маълум мураккабликлар туфайли мазкур операнинг саҳналаштирилиши кейинга қолдирилган эди.

2017 й. ноябрь ойида Алишер Навоий номидаги ДАКТ М.Тожиевнинг «Кумуш» операси устида иш бошлаб юборди ва уни саҳналаштириш учун Мариинск театри саҳналаштирувчи режиссёри Эркин Габитов таклиф қилинди ҳамда у ўтган икки йил мобайнида Тошкентга бир неча бор ижодий сафар уюштирди. Режиссёр саҳналаштириш гуруҳи билан ҳамкорликда адабий ва мусиқий материални ўрганиб чиқди ва улар асарнинг мазкур саҳна талқини, қаҳрамонларнинг йўналишлари ва драматургияси умуман олганда мавҳум, деган хулосага келишди. Либретто ва мусиқий материални классик опера драматургияси ва замон талабига мувофиқ қайта ишлашга қарор қилинди. Кумуш образини биринчи планга олиб чиқиш, Абдулла Қодирийнинг машҳур асаридаги муҳаббат лирикасига алоҳида эътибор қаратиш вазифаси қўйилди.

Театр раҳбарияти Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимга адабий материалнинг янги таҳририни яратиш таклифи билан мурожаат этди (Абдулла Қодирийнинг оиласи билан келишган ҳолда). Шоир саҳналаштирувчи режиссёр Эркин Габитов ва бастакор Мирхалил Маҳмудов (М. Тожиевнинг укаси) билан ҳамкорликда Мирсодиқ Тожиевнинг ғоясини сақлаб қолган ҳолда операга либреттонинг янги талқинини тайёрлади. Мирхалил Маҳмудов эса унга асосланган ҳолда мусиқий материалнинг янги талқинини яратди. 

Мирхалил Маҳмудов – Ўзбекистон миллий бастакорлик мактабининг энг ёрқин вакилларидан бири. 1947 йил 2 январда Тошкент вилоятида туғилган.
1971 йилда Тошкент консерваториясини Ф.М. Янов-Яновскийнинг композиция синфи бўйича тамомлаган (олдинроқ Р.Д. Вильдановдан таҳсил олган).
М. Маҳмудовнинг ижодий салоҳияти бой ва хилма-хил бўлиб, унинг чолғу асбоблари учун асарлари орасида учта симфония, Увертюра, «Симфоник чизгилар», «Хотира» поэмаси, скрипка ва оркестр учун концерт, «Шостакович хотираси» поэмаси, «Мухаммас ва уфор» чолғу-оркестр цикли, торли оркестр учун «Ипак йўли» мусиқаси ва ҳоказолар бор. Вокал-симфоник асарлар орасида «Тошкент» кантатаси (Э. Воҳидов), «Тошкент акс-садоси» ораториялари (Т. Тўла), «Она қўшиғи» (Г. Нуруллаева), «Ўзбекистоним» (Й. Муқимов), «Она қасидаси» поэмаси (Т. Тўла) ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.  Унинг «Синиқ кўза» (С. Жамол), «Ака-ука совчилар» ва «Ватан фарзандлари» (Р. Муҳаммаджонов), «Ҳийлаи шаръий» (А. Несин), «Тўй табриги» (Ў. Ҳошимов) мусиқий драмалари ва комедиялари, шунингдек, 50дан ортиқ кинофильмга, шу жумладан, «Келинлар қўзғолони», «Олтин девор», «Генерал буви», «Ўткан кунлар»га ёзган мусиқаси кенг жамоатчилик томонидан ҳақли равишда эътироф этилди.

Усмон Азим (Ўзбекистон халқ шоири) -  шоир, драматург, кинодраматург ва насрий асарлар муаллифи. 1950 йилда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган. 10дан ортиқ шеърий тўпламлар, достонлар, ҳикоялар ёзган.
«Инсонни тушуниш» номли илк китоби 1979 йилда нашр этилган. 1995 йилда «Сайланма» асарлари тўплами чоп этилган. Унинг қатор драмалари театрларнинг саҳналарида қўйилган, «Кундузги кечалар» (1998), «Алпомишнинг қайтиши» (2000) шулар жумласидан бўлиб, «1999 йилнинг энг яхши драматурги» номига сазовор бўлган, «Бир қадам йўл» (2002), «Ўтган замон ҳангомалари» (2003), «Адибнинг умри» (2005) каби асарларини алоҳида қайд этиш мумкин. Шунингдек, у «Севги» ва «Алпомиш» фильмларига сценарийлар ёзган.

Эркин Габитов (Россияда хизмат кўрсатган санъат арбоби) – асли тошкентлик, «Платинали Тарлон» мустақил умуммиллий мукофоти (Қозоғистон, 2003) совриндори.
Н.А. Римский-Корсаков номидаги Ленинград консерваториясининг мусиқий театр режиссураси факультетини тугатган (профессор Р.И. Тихомиров ва профессор И.Д. Гликман курслари). 
1984 йилдан 1988 йилгача – Абай номидаги Қозоғистон опера ва балет театри бош режиссёри (Олма-Ота). 1988 йилдан – Мариинск театри саҳналаштирувчи режиссёри.
Саҳналаштирган асарлари: Абай номидаги Қозоғистон опера ва балет театри, Мариинск театри, Россия Большой театри, Бошқирдистон опера ва балет театри, Ереван опера ва балет театри, Новосибирск опера ва балет театри, Екатеринбург опера ва балет театри саҳналарида «Мария Стюарт», «Евгений Онегин», «Кармен», «Патетик оратория», «Ўлмас Кашчей», «Тоска», «Князь Игорь», «Иоланта», «Алеко», «Риголетто», «Учар сичқон», «Аида», «Саламбо», «Маддалена», «Турандот», «Уруш ва тинчлик», «Борис Годунов», «Хованшчина», «Фигаронинг тўйи», «Бал-маскарад», «Баттерфляй хоним», «Богема», «Винтнинг бурилиши» ва б. 2018 йилда Ўзбекистон Катта театрида «Демон» операсини саҳналаштирган.

 

Ғоя муаллифи М.Тожиев
Бастакор М.Маҳмудов
«Кумуш», икки пардали опера
Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи асосида
Усмон Азимов либреттоси

Опера ёвуз тақдир бир-биридан ажратган икки ёш қалбнинг беғубор муҳаббати қиссаси асосига қурилган бўлиб,  унда муаллиф инсон тақдирида ёруғлик ва зулмат кураши муаммосини кўрсатишга ҳаракат қилган.

Саҳналаштирувчи гуруҳ:

Мусиқий раҳбар ва дирижёр - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Фазлиддин Ёқубжонов
Саҳналаштирувчи режиссёр - Россияда хизмат кўрсатган санъат арбоби Эркин Габитов
Саҳналаштирувчи рассом - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зубайдулло Ботиров
Бош хормейстер - Ўзбекистон халқ артисти Сулаймон Шодмонов
Дирижёр - Камолиддин Азимов
Либослар бўйича рассом - Лобар Полвонова
Хореограф - Чарос Жўрабоева            

Асосий ролларда:
Кумуш  - Малика Норматова, Гулмира Нурметова,
Отабек – Рустам Алимардонов, Дамир Раҳмонов,
Ҳамид – Аминзода Жуманиёзов, Ришат Решитов,
Ҳасанали – Носир Юсупов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шукур Ғофуров,
Мирзакарим Қутидор – Маҳмад Рўзиев, Исмоил Жабборов,
Юсуфбек Ҳожи – Жаброил Идрисов, Султонбек Абдураҳимов,
Қушбеги – Меҳриддин Мелиев 

 

10 ноября 2019

Галерея

Театр кассаси: (+99871) 233-90-81, 232-19-48
Бош маъмур: (+99871) 233-33-36
Директорнинг томошабинлар бўйича ўринбосари: (+99871) 233-32-21
Театр манзили: 100029, Ўзбекистон, Тошкент ш., Зарафшон кўч., 28
Тел./факс: (+99871) 233-35-28, E-mail: info@gabt.uz, gabtuzb@mail.ru

Facebook: https://www.facebook.com/gabtnavoi/
Telegram: https://t.me/gabtuzb