Ажойиб «Астана Балет» илк бор Ўзбекистон Катта театри саҳнасига чиқади

 

Ажойиб «Астана Балет» илк бор Ўзбекистон Катта театри саҳнасида

 «Ўзбекистонда Қозоғистон йили» доирасида таниқли қозоқ жамоаси артистлари энг сара асарлари ва машҳур постановкаларини тақдим этадилар. 22 августда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Катта театри саҳнасида «Буюк дашт мероси» концерт дастурини, шунингдек, «A Fuego Lento» бир актли балетини намойиш этадилар. Кейинги кунлари, 24 ва 25 августда яқиндагина Нур-Султонда тантанали премьераси бўлиб ўтган А. Меликовнинг «Севги ҳақида афсона» балети намойиш этилади.

22 августда қозоқ жамоаси Европа ва Американинг энг йирик шаҳарларида катта олқишларга сазовор бўлган Айгуль Тати ва Мукарам Авахрининг муаллифлик талқинидаги «Буюк дашт мероси» дастурини Ўзбекистон Катта театри саҳнасида намойиш этади. Уни турли стилистик йўналишдаги, бироқ ягона мавзу – Буюк дашт тарихига бағишланган хореографик миниатюралар шодасидан иборат маржонга қиёслаш мумкин.

Театрнинг неоклассик репертуаридаги, таклиф этилган хореограф Рикардо Амаранте саҳналаштирган «A Fuego Lento» бир актли балети хореографик тантанага якун ясайди. Унинг балетида бразилча самба ва танго услубидаги рақс фантазиялари ўз аксини топган. Ушбу постановка эҳтирос билан, моҳирона ижро этилгани боис томошабинларга ҳам, балет артистларига ҳам бир хилда маъқул келди. 

Кейинги кунлари машҳур «Севги ҳақида афсона» театрнинг гастроль афишасини безатади. Юрий Григорович томонидан саҳналаштирилган уч пардали балет илк бор Мариинск театрида, сўнг Катта театр саҳнасида намойиш этилган. Юрий Григоровичнинг ёрдамчилари – Руслан Пронин ва Оксана Цветницкая спектаклни аслидай қилиб «Астана Балет» саҳнасига кўчирдилар. Илгари Катта театр солистлари бўлган ушбу ижодкорлар бугунги кунда Россия, Корея, Хитой, Германия ва Бельгиянинг етакчи саҳналарида таниқли балетмейстер спектаклларини намойиш этмоқдалар.  

Қадимий шарқ афсонаси сюжет учун асос қилиб олинган. Опа-сингил Мехмене Бону ва Ширин сарой рассоми Фарҳодга кўнгил қўядилар. Ширин ёш йигитнинг қалбидан жой олади, Мехмене Бону эса унинг севгисига умид қила олмайди: бир пайтлар синглисининг ҳаётини сақлаб қолиш учун гўзаллигидан воз кечган бўлади. Саройдан қочган севишганлар оғир синовга тўқнаш келадилар, Фарҳод халқни қутқариш учун муҳаббатини фидо қилади.

Кордебалет иштирокидаги кучли саҳна кўринишлари, «Астана Балет» театри тўрт нафар бош роль ижрочиларининг ҳис-ҳаяжонга тўла монологлари мазкур хореографик чиқишга ўзига хос, ёрқин ва беқиёс тус берди. Хаёлни лол қолдирувчи мураккаб вариациялар инсон танаси имкониятлари чекланганлигига шубҳа уйғотди. 

Маълумот учун. «Астана Балет» театрига 2012 йили Биринчи Президент Нурсултон Назарбоев ташаббусига кўра асос солинган. У 2013 йил июль ойида илк бор саҳна юзини кўрди, жамоа 5 йил ичида Қозоғистонда ва унинг ташқарисида минглаб мухлислар орттирди. Анъанавий мерос ва замонавий балет санъати бойлигига асосланган театр миллий рақсни ривожлантириб, уни катта саҳнага олиб чиқмоқда. Пойтахт жамоаси Россия, Хитой, АҚШ, Озарбайжон, Франция, Италия, Белоруссия, Бельгия, Япония ва Польшанинг донгдор саҳналарида чиқишлар қилган.   

22 августа 2019

Галерея

Театр кассаси: (+99871) 233-90-81, 232-19-48
Бош маъмур: (+99871) 233-33-36
Директорнинг томошабинлар бўйича ўринбосари: (+99871) 233-32-21
Театр манзили: 100029, Ўзбекистон, Тошкент ш., Зарафшон кўч., 28
Тел./факс: (+99871) 233-35-28, E-mail: info@gabt.uz, gabtuzb@mail.ru

Facebook: https://www.facebook.com/gabtnavoi/
Telegram: https://t.me/gabtuzb
Instagram: https://instagram.com/gabt.uz