«Офтоб» болалар студиясининг юбилейи

2019 йилнинг сентябрь ойида «Офтоб» болалар опера-балет студияси 20 ёшга тўлди. Бироқ ДАКТ қошидаги болалар жамоаси тарихи ўтган асрнинг 70-йиллари охирига бориб тақалади, театр музейи архивига назар солсак, 1965 йилги фотосуратларни ҳам топиш мумкин.

 

Ёш артистлар болалар хорлари иштирок этадиган спектаклларда қатнашиб, Катта театр саҳнасига чиқа бошладилар. Улар Ж. Бизенинг «Кармен», П. Чайковскийнинг «Пиковая дама» ва Ж. Вердининг «Отелло» операларидир. Тошкентда «Кармен» премьераси 1944 йилда, «Пиковая дама» ва «Отелло» премьера спектакллари 1947 ва 1950 йилларда бўлиб ўтган. Ушбу постановкаларда ёш артистлар қатнашган-қатнашмаганини айтиш мушкул. Музей архивида болалар хори ва солистларнинг фотосурати бор, унинг орқасида опера номи ва санаси қайд этилган – «Борис Годунов», 1965 йил.

Мусиқа студияси педагоглари ёш хорчиларни яқин орада – князь Романов саройида жойлашган Республика пионерлар саройидан бошлаб олиб келардилар. 1978 йилда хормейстер Леонид Шилькрутнинг таклифига кўра болалар студияси театр биносига кўчди. Ўша пайтда «Офтоб» студиясига Тамара Матвеевна Игунова раҳбарлик қиларди, Владимир Васильевич Смолин рақсдан сабоқ берарди. Педагоглар зиммасига улкан ва масъулиятли вазифа: болаларни тўплаб, ўқитиш, спектаклларда қатнашиш – Катта театр саҳнасига чиқишга тайёрлаш юклатилган. Машғулотлар учун бўш синф топиш қийин эди, педагоглар етишмасди, таклиф қилинган Игунова ва Смолин ҳам штатдан ташқари дарс беришдан бош тортдилар. Бироқ, барча қийинчиликларга қарамай, педагоглар тарбияланувчилари билан жиддий шуғулланишда давом этдилар. Юқорида тилга олинганларидан ташқари, ёш артистлар Р. Леонкаваллонинг «Паяци», Ж. Вердининг «Аида», М. Равелнинг «Болакай ва сеҳр-жоду», В. А. Моцартнинг «Сеҳрли флейта» спектаклларида қатнашдилар.

Шу ўринда «Сеҳрли флейта» спектаклига алоҳида тўхталса арзийди. У болалар студияси учун ноёб постановка бўлган, ёш вокалчилар ушбу спектаклда жўр бўлиб ашула айтмай, яккахон чиқиш қилганлар.  

Ажойиб педагог Тамара Матвеевна Игунова ёш артистларнинг бир нечта авлодини етиштирди. Тарбияланувчилари орасидан профессионал хонандалар, халқаро танловлар лауреатлари, мамлакатимиз ва хориждаги мусиқа ва санъат мактаблари вокал ўқитувчилари кўплаб етишиб чиқди. Чунончи, халқаро танловлар лауреати Яника Багрянская (меццо-сопрано) А. Навоий номидаги ДАКТ етакчи яккахон ижрочиси ҳисобланади, Бутунроссия ва халқаро танловлар лауреати Любовь Макуха (сопрано) Киевда ўқишни давом эттирди, айни пайтда Новгород вилоят филармонияси (Россия) яккахон ижрочиси ҳисобланади, Раъно Тўхтамуродова (сопрано) Италияда ўқиб, ишлаяпти. Галина Голубкова театр солисткаси сифатида саҳнага чиқди. Студия битирувчиси, ДАБТ стажёри Любовь Франкова айни пайтда Удмуртия Республикаси Давлат опера ва балет театри солисткаси ҳисобланади. Опа-сингил Фарида ва Сожида Абдулина, Наталья Трегубова мусиқа мактабларида фаолият юритадилар.   

Тамара Матвеевна Игунова ҳам, Владимир Васильевич Смолин ҳам сўнгги кунларигача танлаган касбларига садоқат билан хизмат қилдилар.

Йил сайин репертуар кенгайиб, театрнинг ижодий салоҳияти оша боргач, болалар студиясининг фаолияти ва ўрнини қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келди. 1999 йилда театрнинг етакчи солисти Талъат Баҳромов болалар жамоасига бошчилик қилди. «Офтоб» болалар опера-балет студияси мақомига эга бўлди. Болалар жўр бўлиб ва яккахон қўшиқ айтишни, мусиқа назарияси ва тарихини, сольфеджио, ритмика, анъанавий рақс ва актёрлик маҳорати асосларини ўрганадиган ўқув-ишлаб чиқариш жамоасини шакллантириш каби янги вазифалар белгиланди. Буни педагоглар – хормейстер Оксана Стремилова, концертмейстер Инесса Нам, балетмейстер Владимир Смолин, мусиқа назарияси бўйича педагог Юлиана Круковская амалга оширишга киришдилар.

2001 йили ўзбек-япон қўшма лойиҳаси доирасида япон бастакори Дан Икуманинг «Юдзуру» («Турна патлари») операсининг ДАКТ саҳнасида қўйилиши ёш артистлар учун илк жиддий иш ва имтиҳон бўлди. Болалар хори япон тилида куйлади. Ёш қўшиқчилар япон режиссёри бошчилигида талаффуз устида кўп ишлаб, премьерада шундай чиқиш қилдиларки, томошабинлар уларни Кунчиқар юртдан келган ижрочилар деб ўйладилар. Моҳирона қилинган гримм туфайли болаларни ота-оналари ҳам танимадилар. 

Сўнг бошқа мамлакатлар – Франция, Италия (Ж. Гварьери дирижёрлик қилган «Богема»), Германия, АҚШдан келган кўп дирижёрлар билан қўшма лойиҳалар амалга оширилди. Болалар қатнашадиган опералар сони йил сайин кўпайиб борди, айни пайтда улар 16тадан ошади. М. Ашрафийнинг «Дилором», Т. Жалилов ва Б. Бровциннинг «Тоҳир ва Зуҳра», П. Чайковскийнинг «Евгений Онегин», Ж. Вердининг «Трубадур», «Бал-маскарад», П. Масканьининг «Қишлоқ орияти», Р. Абдуллаевнинг «Садоқат» опералари шулар жумласига киради. Ёш артистлар театрдаги болалар спектакли – К. Хачатуряннинг «Чиполлино» балетида ҳам қатнашадилар.

2002 йилда янги хормейстер Ольга Булгакова, сўнг Карина Рошчина ва концертмейстер Сабина Татаренко келиши билан хор кўп овозли ижрони ўзлаштирди.

Итальян, немис, юнон, иврит, инглиз, украин, корейс, ўзбек, лотин тилларидаги дунё халқлари ашулалари репертуардан ўрин олди.

Балет санъати ҳам жиддий ўргатилади. Студияда шуғулланадиган 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар испан, лўли, рус, украин рақсларини; «Қарсилдоқ» ва «Коппелия» балетларидан яккахон рақсларни ижро этадилар.

Спектакллардан ташқари, болалар студияси театр ва унинг етакчи солистлари концертларида, хор мусиқаси ва болалар ижодиёти фестивалларида қатнашади.

Жамоа 2004 йилдан буён Т. Жалилов номидаги халқ чолғу асбоблари академик оркестри билан ҳамкорлик қилиб келади.

2006 йилда студиядагилар К.С. Станиславский ва В.И. Немирович-Данченко номидаги Давлат мусиқа театри билан биргаликда «Қарсилдоқ» балетида иштирок этдилар. Дирижёр В. Басиладзе атиги ўн кун ичида ўрганилган вокал партияси ижросига «аъло» баҳо берди.  

2007 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби А. Эргашев аранжировкасида Э. Колмановский мусиқасига басталанган «Оппоғой ва еттита гном» болалар мусиқали эртаги қўйилди. Театр солистлари – Анжелика Мухаметзянова (Оппоғой), Яника Багрянская (Қиролича), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Аваз Ражабов (Қабила бошлиғи) бош қаҳрамонларга овоз беришда ёрдам кўрсатдилар. Бироқ барча ролларни болалар ижро этдилар – ўйнадилар, рақсга тушдилар, қўшиқ айтдилар.

Мактаблар, болалар уйлари, уруш ва меҳнат фахрийлари пансионати, Тошкент Давлат миллий рақс ва хореография олий мактабидаги сайёр концертлар муваффақиятли ўтди.  

2016 йилда болалар учун С. Вареласнинг «Оловиддиннинг сеҳрли чироғи» янги спектакли намойиш этилди. Эслатиб ўтамиз, А. Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида ушбу опера-эртак «Офтоб» артистлари иштирокида 1978 йилда илк бор саҳналаштирилган эди.

Янги йил таътили кунларида студиядагилар анъанавий равишда саҳнада Қиш эртакларидаги ролларни ижро этиб, жуда фаол қатнашадилар. Улар жуда кўплиги боис номма-ном санаб ўтирмай, сўнгги йиллардаги айрим спектаклларни айтиб ўтамиз – «Катта театрдаги Мегабайтли эртак» (2015), «Катта театрдаги суперқаҳрамонлар» (2016), «Қарсилдоқнинг қайтиши» (2017), «Қор маликаси» (2018).

Айни пайтда студиядагилар хормейстер Ольга Булгакова ва хореограф Мария Ахрарова раҳбарлиги остида шуғулланмоқдалар.

Болалар опера-балет студияси битирувчилари мусиқа коллежлари, Ўзбекистон Давлат консерваторияси, Тошкент Давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби, Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтига ўқишга кириб, сўнг қадрдон саҳнага қайтиб келадилар.

«Офтоб» студиясининг барча педагоглари, иштирокчилари ва битирувчиларини юбилей билан қутлаймиз! Ёш артистларнинг бир нечта авлоди катта ёшдаги профессионал ижрочилар қатори театрдаги кўплаб спектаклларда тўлақонли қатнашиб, томошабинларни маҳоратли ижролари билан қойил қолдираётганларига 20 йил, 1978 йилдан ҳисоблайдиган бўлсак, 40 йилдан ошибди. 

 

Мақолада театр музейи архиви материалларидан ва республика матбуотида эълон қилинган мақолалардан (муаллифлар – Д. Бобожонова, Н. Веткасова, И. Рибар, А. Ромашко, В. Титова, Б. Ҳасанов) фойдаланилди.

 

А. Навоий номидаги ДАКТ матбуот хизмати театр музейи билан ҳамкорликда тайёрлади.

28 сентября 2019

Галерея

Театр кассаси: (+99871) 233-90-81, 232-19-48
Бош маъмур: (+99871) 233-33-36
Директорнинг томошабинлар бўйича ўринбосари: (+99871) 233-32-21
Театр манзили: 100029, Ўзбекистон, Тошкент ш., Зарафшон кўч., 28
Тел./факс: (+99871) 233-35-28, E-mail: info@gabt.uz, gabtuzb@mail.ru

Facebook: https://www.facebook.com/gabtnavoi/
Telegram: https://t.me/gabtuzb
Instagram: https://instagram.com/gabt.uz