Бир пардали опера.
Композитор: С.Рахманинов.
Либретто: А.Пушкиннинг «Лўлилар» поэмаси асосида В.Немирович-Данченко либреттоси.
Постановкачи режиссёр: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Андрей Слоним;
Мусиқий раҳбар ва дирижёр: Қорақалпоғистон халқ артисти Аида Абдуллаева;
Постановкачи рассом: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зубайдулло Ботиров.
Спектакль давомийлиги: 1 соат.
Дарё бўйида лўлилар тўдаси чодирларини тиккан. Улар оҳиста куйлаб, кечки уйқуга ҳозирлик кўрмоқдалар. Кекса лўли, Земфиранинг отаси ёшлигини ва ўзига кўп изтироблар келтирган муҳаббатини эслайди. Мариула уни кўп вақт севгани йўқ. Бир йилдан сўнг у эрини ва кичкина қизалоғини ташлаб бошқа тўда билан кетди.
Қариянинг ҳикояси Алекони тўлқинлантириб юборади. У хиёнатни кечиролмаган бўларди ва шунинг учун кекса лўли хиёнаткор хотини ва унинг севганидан қасос олмагани сабабини тушуна олмайди. Агар у душманини тубсиз жарлик ёқасида ухлаб ётган ҳолда кўрса ҳам уни ҳеч иккиланмай жарликка улоқтирган бўларди.
Алеконинг сўзлари яқингача уни севган Земфира учун ёт ва ёқимсиз. Уларнинг тўдасига бошқа дунёдан келган бу инсон энди унга душман, унинг шафқатсизлигини тушуниб бўлмайди, севгиси эса сўнган. Земфира ёш лўлига нисбатан пайдо бўлган муҳаббатини яширмайди. Беланчакни тебратаркан, у собиқ, рашкчи, суюксиз эр ҳақида қўшиқ куйлайди. «Сен ҳақингда қўшиқ айтяпман», - дейди у Алекога қарата. Тун киради ва Земфира учрашувга кетади.
Ёлғиз қолгач, Алеко аччиқ, изтиробли хаёлларга чўмади. Тарк этган севгиси ҳақида юрагида оғриқ билан эслайди. Земфиранинг хиёнати ҳақидаги фикр унга тинчлик бермайди.
Земфира ва ёш лўли тонгга яқин қайтадилар. Алеко севишганларга пешвоз чиқади. У сўнгги бор Земфиранинг севгисидан умидвор бўлади. Унинг қалбини юмшатиш истагида ўзи туғилиб-ўсган жамиятдан Земфира учун воз кечганини писанда қилади. Бироқ Земфира пинагини бузмайди. Алеконинг илтимослари таҳдидлар билан алмашинади. Жаҳл отига минган Алеко ёш лўлини пичоқлайди. Севганининг ўлимига чидай олмай, Земфира Алеконинг шафқатсизлигини лаънатлайди. Алеко Земфирани ҳам ўлдиради. Тўс-тўполонга лўлилар тўпланадилар. Қатллар ва қотилликни кўргани кўзи йўқ лўлилар Алеконинг қилмишини тушуна олмайдилар.
Ёввойимиз, бизда қонунлар йўқ,
Қийноқ ва қатллар-да бунда йўқ,
Қон ва ингроққа тобимиз йўқ,
Қотилга ҳам бизда ўрин йўқ, -
дейди Земфиранинг отаси. Ёлғиз, чорасиз ғам-қайғуга берилган Алекони ташлаб, лўлилар кетишади.
Қисқача мазмуни
Пролог.
…Виждон азобида ўртанаётган Алеко ўзининг лўлилар тўдасидаги воқеалар билан боғлиқ тарихини эсга олади. Шаҳарнинг маданийлашган ҳаётидан зерикиб, кўчманчи лўлилар билан бадар кетади. Улар орасида ёш, соҳибжамол Земфирани учратади ва уни эҳтирос-ла севиб қолади. Бироқ Земфиранинг унга бўлган муҳаббати тез сўнади ва ҳаёт тизгинларидан эркин бўлиш мақсадида тўдага яқинда қўшилган Ёш Лўлига кўнгил беради. Барчани аянчли ва чап бериб бўлмас оқибат сари етаклаган эҳтирослар қуюни мана шундан бошланади …
Биринчи парда
Поёнсиз Бессарабия даштида кеч кирмоқда. Лўлилар ўзларининг эркин кўчманчи ҳаётлари билан бандлар. Кекса лўли – тўда бошлиғи – ўзининг узоқ ўтмиши – ўспиринлик давридаги қайғули воқеани сўзлай бошлади. У гўзал Мариулани жонидан ортиқ севарди ва уларнинг муҳаббатига ҳеч нарса рахна сололмасди гўё. Аммо бир куни улар бошқа лўлилар тўдасига дуч келишди. У ерда ўзига янги ёр топган Мариула севган кишисини кичкинтой қизи Земфира билан ташлаб кетади. У, - ҳозирда энди Кекса лўли, - ёлғиз қолди…
Алеко бунга кескин эътироз билдиради. Алданган ошиқ ўзининг топталган туйғулари учун нима сабабдан қасос олмаган ва хиёнаткор аёлга қўшиб унинг ёрини ҳам қатл этмаган? Қўрқиб кетган Земфира ҳаёт синовларида тобланган отасидан паноҳ истайди. Тўдада ғала-ғовур бошланади. Алеко ва Ёш Лўли бир-бирларига ташланишга тайёрлар. Ҳатто эҳтиросли рақслар ҳам уларнинг қайнаган қонини сўндира олмайди ва тўданинг донишманд йўлбошчиси ҳаммани дам олишга кетишга ундайди. Кўнгли нимадандир ғаш кекса фолбин аёл ёнган эҳтиросларни сўндиришга уринади. У Земфира ва Ёш Лўли ўртасларидаги қизқин ишқий суҳбатга гувоҳ бўлиб қолади. Тунда учрашишга аҳд қилиб, улар хайрлашадилар. Земфира эса тунд ва ўз ўй-хаёллари билан Алекони учратади ва ёқимсиз “собиқ ва шафқатсиз эр” ҳамда ажойиб ошиқ ҳақида жўшқин қўшиқ куйлаб, унинг ҳис-туйғулари устидан кулади…
Бир ўзи қолган Алеко ўзининг ёлғизлиги ҳақида фикрлаб, изтиробга тушади. Лўлилар орасидаги қонунлар ва бидъатлардан холи янги ҳаёт, муҳаббати ва эҳтироси унга ўзи хоҳлаган уйғунликни ато этади, деб ўйлаган эди. Бироқ Земфиранинг уга нисбатан бўлган туйғулари сўнди, тўдадаги ноодатий ҳаёт эса жонига тегди. Земфиранинг хиёнати ҳақида ўйларкан, Алеко маъшуқасини топиб, у билан ҳамма нарсани ойдинлаштириб олмоқчи бўлади…
Ташландиқ қабристон ёнидаги қўрғонда Земфира ва Ёш Лўли бир-бирларига қайноқ ҳис-туйғуларини билдиришмоқда. Ёш Лўли тийиқсиз ва қонунларни тан олмайдиган муҳаббат эркинлиги ҳақида эҳтирос билан қўшиқ куйлайди. Туйғулари поймол этилган Алеко уларнинг учрашувларига халал беради. У Земфирани ўзига қайтишга ундайди. Бироқ маъшуқаси ва рақиби унинг устидан кулишади. Шунда қасос ўтида ёнаётган Алеко, худди Қобил каби, эркин тўдага илк бор Ўлимни олиб келади. Жаҳл устида Алеко Земфирани ўлдиради ва содир этган жиноятининг оғирлигини англаб, ўзининг топталган ҳис-туйғулари учун ўч олиш истагида Ёш Лўлининг кўксига пичоқ санчади. Кўзида ёш ва чорасиз Земфира Алеконинг шафқатсизлигига лаънатлар ўқийди. Чунки у тинч лўлилар тўдасига ўлим олиб келди, ахир.
Машҳум фожеадан хабар топиб, лўлилар уйғонадилар ва тўпланадилар. Кекса Лўли жон таслим қилаётган қизи ёнига мажолсиз чўкади ва қизининг сўнгги бор олган нафасини ҳис этади. Авф этишларини ёлвориб сўраётган Алеко лўлиларнинг кўзларида қўрқув ва нафратнигина кўради. Кекса Лўли аёл дафн маросимини амалга оширишга чақиради. Кекса Лўли эса Алекога қатл ва жазоларни тан олмасликларини, қотил билан эса яшай олмасликларини секин айтади. Бутун тўда Алеко уларни абадул-абад тарк этишини амр қилади.
Мотамсаро одимлар билан тўда ўзи тўхтаб турган жойни тарк этади. Алеко бу дунёда ўзининг сўнгги кунигача ёлғизлик ва қайғуга маҳкум. Кекса фолбин лўли аёлнинг ғамгин назар ташлаши унинг кўнглида ювилмас виждон азоби, ваҳшийлик ҳамда тийиқсиз эҳтиросларнинг устунлиги учун абадий ҳукм сифатида бир умрга муҳрланиб қолди…
Театр кассаси: (+99871) 233-90-81, 232-19-48
Бош маъмур: (+99871) 233-33-36
Директорнинг томошабинлар бўйича ўринбосари: (+99871) 233-32-21
Театр манзили: 100029, Ўзбекистон, Тошкент ш., Зарафшон кўч., 28
Тел./факс: (+99871) 233-35-28, E-mail: info@gabt.uz, gabtuzb@mail.ru
Facebook: https://www.facebook.com/gabtnavoi/
Telegram: https://t.me/gabtuzb
Instagram: https://instagram.com/gabt.uz