“Севги тумори”
3 пардали, 6 кўринишли балет.
Либретто: муаллифлар М.Ашрафий, Г.Миллер.
Хореограф ва саҳналаштирувчи: Галия Измайлова
Мусиқа раҳбари ва дирижёр: Ўзбекистон халқ артисти, давлат мукофоти лауреати, профессор Дилбар Абдураҳмонова.
Спектаклни тиклаган: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Қорқалпоғистон халқ артисти Замир Нуримбетов.
Дирижёр: Содиқ Гаибов
Постановкачи рассом: Мели Мусаев
Либослар бўйича рассом: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зинаида Куриш.
Биринчи марта А.Навоий номидаги ДАКТда 1969 йилда қўйилган.
Кейинги марта А.Навоий номидаги ДАКТда 2008 йил 30 мартда қўйилган.
Балет 2017 йил мартида тикланган.
Бухоролик йигит билан ҳинд қизининг фожиа билан тугаган қайноқ муҳаббати тарихи шарқда кенг тарқалган. Ушбу қадимий афсона машҳур ўзбек композитори Мухтор Ашрафий асарида – “Севги тумори” балетида қайта жонланди.
Илк хореографик ижро Ҳиндистон ва Ўзбекистон классик ва халқ рақсларининг машҳур устаси – халқ артисти Галия Измайлова томонидан амалга оширилган. Ҳозирги даврда илк постановка хореографияси тўлиқ сақланган.
Қисқа мазмуни.
Пролог.
Бухоро. Карвонсарой. Кекса савдогар узоқ ҳинд юртига йўл олаётган ўғли Мирза Иззат билан хайрлашмоқда. Чол ўғлига ўз юрти, ватанини эслатиб турсин, деб тумор тақдим этади.
1-кўриниш
Тезоқар Чанаб дарёси соҳилида баҳор байрами. Ёшлар орасида Сонни навниҳол дугоналари билан давра қурган. Қизлар нигоҳи Соннига томон келаётган куёвликка талабгор Чандуга тушади. Чанду ёш савдогар, бой-бадавлат, лекин қиз такаббур ва ахмоқ куёв бўлмишни яхши кўрмайди, шу боис оломон ичида кўринмасликка ҳаракат қилади. Қаҳри келган Чанду ғазабини раққоса лўли – Чундарига сочади, лекин бухоролик йигит Мирза беайб қизнинг тарафини олади. Чанду шаҳарликлардан тарафкашлар қидиради, лекин бари ўзини олиб қочади. Дафъатан Мирзанинг нигоҳи Соннига тушади. Теварак-атрофда фақат иккови – Мирза ва Сонни қолади...
Шаҳар бозори. Соннининг Отаси – савдогар Ромаи олдига тўй сарупо-совғалари билан Чанду келади. Бозорда Мирза пайдо бўлади. Савдогарлар молларини кўз-кўз қилиш, бой харидорлар топиш билан овора. Лекин Мирзанинг қидиргани – Сонни. Мана, улар яна бирга. Ромаи нигоҳи бегона юрт одами билан турган қизига тушади. “Бу бадавлат мусофирга нима керак экан?” Хижолатдан қизарган йигит бор молларни улгуржи сотиб олади! Катта фойдага эга бўлганидан ўзида йўқ хурсанд Ромаи қизини олиб жўнайди. Кутилмаганда катта молга эга бўлиб қолган Мирза нима қиларини билмай боши қотади. Сўнг ҳамма нарсаларни бечораларга ва лўлиларга тортиқ қилади. Халқ саховатли мусофирдан хурсанд бўлади. Энг гўзал либосни Мирза Чундарига кийгизади. Бозор бўшаб қолади. Хушҳол қадам ташлаётган Чундари. Унинг кўз ўнгида Мирза сиймоси гавдаланади. Айни чоғда унинг ёнида Сонни гавдалангандай бўлади. Чундари йиғлайди...
2-кўриниш
Кутилмаганда камбағал-ночор бўлиб қолган Мирза кўчада хаёл суриб боряпти. Қадрдон Бухороси, сиймоси кўз ўнгида намоён бўлади. Карвон йўл босаётгани, қўнғироқлар жаранги, қайтишга чорлаётган отаси... Юраги орзиқиб кетади. Лекин суюклиси Соннини ташлаб кетолмайди. Оёғи қандай қилиб севгилиси уйига бошлаб борганини сезмай қолади. Чанду ўз кошонасида дўстлари билан кайфу сафо қиляпти. Энди у келгинди йигитдан истаганча ўч олиши мумкин. Улфатлари бақириб-чақириб Мирзани масхара қилишади. Буни Чундари кўриб туради. Мусофир йигитга ёрдам беришни кўнглига тугади. Лўли қиз дугоналари билан бир томоша уюштиради. Бор маҳоратини ишга солиб рақсга тушади. Томошабинлар лол қолади, бир зумда бир қоп танга тўпланади....
Чанаб дарёси соҳилидаги бутазор. Сокин тун. Ҳадемай тонг отади. Қирғоқда ўй сурганча Мирза ётибди. Отаси тақдим этган туморни қўлга олади. Кўнгли бўшаб, кўзига ёш келади. Тақдир экан-да. Ёш бошига не-не савдолар, ғавғолар тушди. Хаёлида яна Бухоро, унинг боғлари, миноралари жонланади. Ўзини бухоролик ҳурилиқолар қуршовида кўради. Бари гўзал ойимтиллолар. Лекин ҳеч бири Соннидай бўлолмайди! Сонни сиймоси уни бетўхтов таъқиб этади. Ҳатто бухоролик соҳибжамоллар даврасида ҳам... Соннини кўради. Шу он Чундари келади. Унга кийим-кечак келтиради. Мирза туҳфани қабул қилмайди. Лўли қиз ўз муҳаббатини изҳор этади. Сонни пайдо бўлади. Ҳаёжонланган Чандури совға-саломини ташлаганча қочиб қолади. Сонни ғамгин. Тез орада тўй. Мирза суюклисини қочишга даъват этади. У ерда, Бухорода бахтли яшашади. Сонни рози бўлади. Мирза қизга отаси берган туморни совға қилади. Ошиқ-маъшуқлар учрашувини кузатиб турган ғийбатнисолар буни дарҳол Соннининг отасига етказишади. Ғазаби жўшган Ромаи Чинаб соҳилига ошиқади. У ерда қизи билан йигитни кўради. Қутургидай ҳолга тушган ота қизидан измидан чиқмасликни талаб қилади. Сонни ва Мирза бир-бирини севишганини, оқ фотиҳа тилашини илтижо қилишади. Лекин қайсар ота аҳдида қатъий – эртага Сонни ва Чандунинг тўйлари.
3-кўриниш
Чанду хонадонида тўй-тантана. Кўплаб меҳмонлар куёв-келинга бахт-саодат тилашади. Улар учун Чундари рақсга тушмоқда. Бир қарорга келган Сонни кўкрагида яширган заҳар солинган идишчани олади. Буни кўриб қолган Чандури қўлига бир уриб заҳарли идишчани туширади ва уни пайтдан фойдаланиб Мирза ёнига қочишга кўндиради... Узоқ-узоқлардан най садоси келади. Бу – севгилиси билан ғойибони хайрлашаётган Мирзанинг ноласи. Севгилиси даъватини англаган Сонни унинг ёнига қочади.
Эпилог
Дарё соҳил. Қирғоқда Мирза. Сонни қушдек учиб севгилиси олдига келади. Энди уларни ҳеч бир куч ажрата олмайди. Лекин шошилмоқ керак, акс ҳолда таъқибчилар етиб келишлари мумкин. Ана. Қутурган оломоннинг ҳайқириқлари эшитиляпти. Елиб-югуриб Чундари келади, у ошиқ-маъшуқларга ёрдам бермоқчи. Лекин қандай қилиб? Душманлар тобора яқинлашиб келаяпти. Чанду бошлиқ оломон қиз билан йигитни тутишига бир баҳя қолди. Лекин Сонни билан Мирза юлқиниб қочишга улгуради. Душман доира бўлиб уларни қисиб келишмоқда. Мирза билан Сонни бир-бирига ёпишганча жарлик лабига яқинлашадилар. Кўз очиб юмгунча севишганлар ўзларини тубсиз чоҳ қаърига отишади...
Халқ ҳинд гўзали Сонни ва Бухоролик меҳрибон йигит Мирза Иззат ҳалокатига аза тутишади.
Театр кассаси: (+99871) 233-90-81, 232-19-48
Бош маъмур: (+99871) 233-33-36
Директорнинг томошабинлар бўйича ўринбосари: (+99871) 233-32-21
Театр манзили: 100029, Ўзбекистон, Тошкент ш., Зарафшон кўч., 28
Тел./факс: (+99871) 233-35-28, E-mail: info@gabt.uz, gabtuzb@mail.ru
Facebook: https://www.facebook.com/gabtnavoi/
Telegram: https://t.me/gabtuzb
Instagram: https://instagram.com/gabt.uz