Тўрт пардали опера
Композитор: Ж.Пуччини
Либретто: муаллифлар Л.Илика ва Ж.Жакоза, А.Мюрженинг “Богема ҳаётидан лавҳалар” романи асосида.
Саҳналаштирувчи режиссёр: Узбекистон Республикаси санъат арбоби Андрей Слоним
Мусиқа раҳбари ва дирижёр: Қорақалпоғистон халқ артисти Аида Абдуллаева
Спектакль давомийлиги: 2 соат 30 минут.
Илк бор 1896 йил 1 февралда Туринда қўйилган.
А.Навоий номидаги ДАКТда биринчи марта 1959 йили қўйилган.
А.Навоий номидаги ДАКТда сўнгги бор 2012 йилда қўйилган.
Воқеа 1830 йилда Парижда бўлиб ўтади.
Сюжети:
Воқеа тахминан 1830 йилда Парижда бўлиб ўтади. Болохонада тўрт ёш йигит – шоир Рудольф, рассом Марсель, мусиқачи Шонар, файласуф Колен истиқомат қилишади. Ҳар бири қачонлардир буюк бўлиш ниятида, лекин ҳозирча... камбағал, ночор яшашади, ҳеч вақоси бўлмаса ҳам вақтларини хушчақчақ ўтказишади.
Болохонада яшовчилар Лотин кварталига ўйнаб келишга йўл олишади. Уйда биргина Рудольф қолади. У тасодифан кириб қолган қўшни қиз Мими билан танишади, биргаликда Лотин кварталига борадиган бўлишади. Йўлда бир-бирларини ёқтириб қолишади.
Лотин кварталида одатий хуш-хурсандчилик. Рудольф дўстларини Мими билан таништиради. Марсель собиқ жазмани – ноз-карашмали, енгилтабиат Мюзеттани кўриб қолади, у бу гал янги мижози – кекса Альциндор билан келган экан. Кўп ўтмай Мюзетта Альциндорни тарк этиб Марсель ва унинг дўстлари даврасига келиб қўшилади.
Марсель ва Мюзетта бир муддат бирга бўлишгач, Мюзеттанинг чурс табиати, енгилтаклиги, Марселнинг рашкчилиги туфайли яна йўллари айро кетади.
Рудольф ва Мими тез-тез жанжаллашиб туришади. Рудольф Мимидан айнашга қарор қилади, негаки қиз оғир касал ва йигит унинг ҳаётига зомин бўлиши мумкин. Ажралишлари шубҳасиз.
Дўстлар тағин болохонада яшай бошлайди. Гўё аввал қандай бўлса шундай. Лекин Марсель ва Рудольф тез-тез ўз жазманларини эслаб туришади. Ёшлар аввалгидек камбағал ва қувноқ. Кутилмаганда Мюзетта пайдо бўлиб қолади. Мими эса кундан кун ҳолсизланиб, кучдан қолиб боради. Мюзетта сирғасини сотиб Мимига муфта олиб беради. Колен ўз ёмғирпўшини сотади. Мими бахтиёр – суюклиси Рудольф яна ёнида. Қўлларини иссиқ муфта ичига солиб абадий уйқуга кетади. Дўстлар ғам-ғуссасининг чеки йўқ – уларнинг ташвишсиз, қувноқ ҳаётига оғир қайғу кириб келди.
ҚИСҚАЧА МАЗМУНИ:
Биринчи парда.
Болохона. Рассом Марсель устахонаси. Шоир Рудольф хаёл сурганча деразадан пастга боқади, оғайниси Марсель картина чизиш билан банд. Хона совуқ, рассомнинг қўллари кўкариб кетган, кўп ўтмай ишини қўйиб, “Мюзеттанинг юрагидан ҳам баттар музхона”, – дея ғўлдирайди. Рудольф дераза олдидан келиб, каминлардан буралиб чиқаётган тутунга маҳлиё бўлиб қолганини, ёлғиз уларнинг уйларидаги камин иситмаётганини айтади. Қандай исинишни ўйлаб Марсель ўтин ўрнига стулни ёқишни таклиф қилади, Рудольф унинг фикрини рад этиб ўз асарини – қалин қўлёзмада битилган драмасини ёқишга уннайди. Марселнинг фикрича, картинани ёққан маъқул, лекин Рудольф кўнмайди, бўёқлар хона ҳавосини бузиши мумкинлигини, “қайноқ” драма дуруст иситишини айтади ва драманинг биринчи кўринишини каминга ташлайди. Қоғоз ёниши оғайниларни хурсанд қилади. Бир даста китоб кўтариб, уларни гаровга олишмаганини афсус-ла билдириб файласуф Колен кириб келади. Каминда оловни кўриб ҳайрон бўлади, нима гаплигини сўрайди. Рудольф каминда унинг драмаси ёнаётганини тушунтиради, Колен ҳазиллашиб драмангнинг иссиғи мўл-ку, дейди. Олов пасайгач, Рудольф каминга драманинг қолган қисмини ташлайди. Оғайнилар камин ёнида бир муддат исинишади, ҳазил-ҳузул қилишади. Ниҳоят, Рудольф драманинг қолган қисми – учинчи актини ҳам печга ташлайди. Дўстлари хурсанд бўлиб чапак чалишади. Олов аста-секин камайиб, охири ўчиб қолади. Музикант Шонар пайдо бўлади, ўзи билан икки болакайни олиб келган экан, уларнинг қўлидаги саватда масаллиқ, егулик, вино, сигара ва бир тахлам ўтин борлигини кўриб ҳаммалари хурсанд бўлишади. Рудольф масаллиқдан кечки овқат тайёрлаш, Колен каминни иситишга тушади. Шонар столга бир қанча луидор қўйиб, “Франция банки сизнинг хизматингизда” дейди ҳазиллашиб ва бу пулларни қандай қилиб ишлаганини тушунтиради. Бир бой инглиз уни ёллаб, рўпарадаги уйда тинимсиз қичқирадиган тўти ўлгунча чалишни буюради. Уч кун бетўхтов чалиб туради, натижа чиқмайди, ўзининг ҳам жонига теккач, қушга петрушка едиради ва тўти дарҳол ўлиб қолади. Шартнома бўйича пулни олгач, бир қисмига бугунга ва кейинги кунларга етгулик егулик-ичкилик олгани, қолганини Сочельник байрами муносабати билан Лотин кварталида дилхушлик қилишга сақлаб қўйганини айтади. Бирдан эшик тақиллаб квартира эгаси Бенуа пулга келганини билдиради. Фақат биргина сўз айтсангиз киритишимиз мумкин, деб шарт қўйишади. Бенуа кириб биргина сўз айтади: “Пул”. Марсель уни хуш қабул қилиб, бир стакан винога таклиф қилади. Ичкилик бошланади. Қизиб олган Бенуа яна ижара ҳақини талаб қилади. Марсель стол устидаги пулларни кўрсатиб, уни тинчлантиради, ҳазиллашиб аёллар кўнглини овловчи Дон Жуанга менгзайди. Май таъсир қилиб кайфияти кўтарилган Бенуа ёши бир жойга бориб қолганига қарамай, ишратга кўнгли мойиллиги, фақат “ориқ ва озғин аёллар”ни хуш кўрмаслиги, шундайлардан бири билан кўп азоб чекканини билдиради. Ёшлар унинг ахлоқсизлигидан ранжиб, “Сассиқ чол, йўқол!” деганча итариб чиқариб юборишади. Рудольфдан бошқа ҳаммалари Момус кафе-ресторанига йўл олишади. Рудольф газетага мақоламни тугатишим билан бораман, деб ваъда беради. Ёзади, ўзига ёқмай йиртиб ташлайди, яна ёзади, тағин ёқмайди, илҳом келмайди. Эшик секин тақиллайди. Хонага бир қават баландда яшовчи гулчи қиз Мими киради. Қўлида ўчиқ шам ва хонаси калити. Зина қоронғи, шами ўчгани боис ёндириб олгани кирганини айтади. Зинадан кўтарилаётиб чарчагани, йўталаётганини сезади йигит. Қизга маҳлиё бўлган Рудольф унга меҳрибонлик кўрсатади, юзига сув сепади, жиндай вино ичиради. Ҳолдан тойган қиз шам ва калитни қўлидан тушириб юборади. Ўзига келиб кетмоқчи бўлаётганда Рудольф ёниқ шам тутқазади. Мими қайтиб келиб калитини тушириб қўйганини айтади. Худди шу он шамол шамини яна ўчириб қўяди. Қиз яна хонага кириб шамини столдаги шамдан ёндириб олмоқчи бўлаётганда бу шам ҳам ўчиб қолиб атроф зимистонга айланади. Қоронғида иккови калитни қидиришга тушади. Мимининг яқинига борган Рудольф унинг қўлини ушлайди. Қиз қичқириб юборади. Рудольф унинг қўлини иситмоқчи эканлигини, шоирлиги, қалам пули эвазига камтарона ҳаёт кечираётганини, қалбида илиқ туйғулар жўш ураётганини шивирлайди. Кўнгли юмшаган қиз тинч, камтарона, ёлғиз ҳаёт кечираётгани, гул чизишни яхши кўришини айтиб беради. Дераза ортидан оғайнилари кечикяпсан, тезроқ чиқ, деб чақиришади. Рудольф дарров етиб боришини билдириб, Мимига севги изҳор қилишда давом этади. Икки ёшнинг ишқий мулоқоти... Мими унинг ўртоқлари кутиб қолаётганини эслатади, ўзи ҳам бирга боришга рози бўлади.
Иккинчи парда.
Лотин кварталидаги майдон. Момус кафеси. Рождество арафаси. Сайр қилаётган турфа одамлар. Шонар, Колен ва Марсель қизларга ҳазил-ҳузул қилишади, дўкондорлар билан савдолашишади, ҳар қайсиси нимадир харид қилмоқчи бўлади. Рудольф билан Мими модалар магазинига кириб қизга чепчик олишади. Кейин Момус кафесига кириб Марсель, Шонар, Коленни кўришади. Рудольф дўстларига Мимини таништиради. Барчаси айвондаги столни эгаллаб, кечки таомга буюртма беришади. Ўйинчоқлар билан савдо қилувчи Парпиньол ўйинчоқлар, гуллар, фонарлар ортилган аравачани ғилдиратиб ўтиб қолади. Болалар қийқиришганча ёққан ўйинчоқларини сотиб олишади... Столга ликёр ва вино келтирилади, майхўрлик бошланади. Шу пайт пўрим кийинган Мюзетта ёши қайтган бой жаноб Альциндор билан пайдо бўлади. Собиқ жазманини кўрган Мюзетта, Марселнинг эътиборига тушиш учун, чолни масхара қила, ресторан ходимларига бақира бошлайди. Марсель гўё уни кўрмагандай бўлиб, дўстлари даврасида ноз-карашмали танноз аёл ҳақида қўшиқ куйлайди. Мюзетта ҳам қўшиқ айтиб, ҳам вальсга тушиб ҳали ҳам Марселни севишини, унга қайтишини тушунтирмоқчи бўлади. Мими очиқдан очиқ Мюзетта тарафини олади. Йигитлар Марселга ачиниб, жазманига қайтиши-қайтмаслиги ҳақида баҳс қилишади. Марсель ортиқ сабр қила олмаслиги, аввалги бахтиёр онларини хотирлайди, Мюзеттага муҳаббати жўш ураётганини тан олади. Марселнинг юмшаётгани, кўнгли чопаётганини сезган Мюзетта ботинкаси оёғини сиқаётганини баҳона қилиб, ечиб Альциндорга узатади, ундан яқиндаги пойабзал магазинига бориб янгисини олиб келишини илтимос қилади. Альциндор чиқиши билан “Жонгинам!” дея Марселнинг бўйнига осилади. Шу пайт узоқдан ҳарбий мусиқа садолари эшитилади. Барча қўшин истиқболига чиқишади. Булар ҳам туриб кўпчиликка қўшилмоқчи бўлганда гарсон тўрт оғайнига ҳисоб-китоб қоғози узатади. Бор-йўғи бир ярим франки бор дўстлар ноқулай аҳволга тушишади. Уларнинг жонига Мюзетта оро киради: хизматкорга ҳаммаси учун умумий ҳисоб келтиришини буюради. Шу аснода шахдам қадамлар билан аскарлар ўта бошлайди. Барча кўчага интилади. Марсель ва Колен бир оёқда юролмайдиган Мюзеттани кўтариб столга ётқизишади. Шу аснода янги туфли олиб келган Альциндор ўзидан йироқлашаётган Мюзеттани кўради. Хизматкор иккита ҳисоб-китоб қоғозини унга тутқазади. Ғазаб отига минган чол Мюзетта изидан қувиб оломон ичида йўқолади.
Учинчи парда.
Застава. Ўнгда – бульвар, чапда – қовоқхона, нарироқда қоровул хонаси. Емакхонада шовқин-сурон. Олисдан Мюзеттанинг овози келади. Божхонанинг чарчоқ аскарлари олов атрофида исинишяпти. Мими сержантдан шу яқин орадаги қовоқхоналардан бирида Марсель деган рассом ишлар экан, билмайсизми, деб сўрайди. Сержант қаердалигини кўрсатади. Бинодан чиққан хизматкордан Марселни чақириб беришни сўрайди, зарур иши борлигини айтади. Кўп ўтмай Марсель чиқади ва Мимига уч ҳафтадан бери Мюзетта билан шу ерда яшаётгани, ўзи деворга расмлар чизаётгани, Мюзетта ашуладан дарс бераётгани, эвазига хўжайин уларни боқаётганини айтади. Мими Рудольф уни яхши кўрса ҳам кўп рашк қилиши, ҳар доим “Сен меники эмассан, бошқасини хоҳлайсан!” – дея руҳан азоблашини йиғлаганча айтиб дардини тўкиб солади, ёрдам беришини сўрайди. Йигити ҳар доим қовоғи солиқ, асабий юраркан, Мими ўзини ухлаганга солиб ётганда эса ундан кўзини узмас экан. Ажралишмоқчи бўлишаркану, бир қарорга келишолмас экан. Шу боис Мими Марселга маслаҳат олгани келибди. Марсель Мюзетта билан келиб, ўйнаб, ашула айтиб бахтиёр ҳаёт кечиришаётганини сўзлаб, Рудольф ҳозир ҳам шу ердалиги, эрталаб келганини, хоҳласа чақириб чиқишини эслатади. Шу пайт Рудольфнинг ўзи чиқиб қолади, Марселнинг маслаҳати билан Мими дарахт панасига яширинади. Рудольф дўстига Мими билан орани очиқ қилажаги, унинг касали оғирлиги, бир йўтали тутиб қолса узоқ вақт тўхтата олмаслигини кўриш азоб эканлигини, бунинг устига ҳужраси нам, совуқлигини, бу ҳолга ортиқ чидолмаслигини айтади. Ҳамма гапни эшитиб турган Мими дўстлар ёнига келиб, тақдирга тан бергани, энди ўлишдан ўзга чораси йўқлигини йиғлай-сиқтай айтади. Рудольф ва Мимининг маҳзун айрилиқ онлари. Мими ҳужрадан нарсалари солинган сандиқчасини келтириб беришни илтижо қилади, ичидаги ҳаворанг иссиқ бош кийимини мендан хотира бўлсин, дея қолдиради. Улар вақти келиб яна кўришиб қолишлари мумкинлигини ваъдалашиб ажралишади. Шу пайт қовоқхонадан шовқин-сурон, идиш-оёқлар сингани эшитилади. Марсель, изидан Мюзетта югуриб чиқишади. Ораларида қаттиқ жанжал кетади. Марсель кимга ноз-карашма қилаётганини сўраганда Мюзетта ранги ўзгариб кетади, бир жаноб билан суҳбатлашгани, у балларда бўласизми, рақсларга тушасизми, деб сўраганини, ўйин-кулгини жонидан ортиқ севишини, эркинликни хуш кўришини айтганини билдиради. Марсель уни уятсизликда, бегона жаноб билан ади-бади айтишганида айблайди. Мюзетта юзига тик қараб, содиқ қул бўлолмаслиги, кимни қачон севиши, гаплашиши ўз ихтиёри эканлигини айтади. Марсель бу манжалақидан воз кечажагини эълон қилади, Мюзетта “Шунақами, хонаки бўёқчи!” деганча жўнаб қолади, Марсель орқасидан “”Қанжиқ! Жодугар!” деганча қолади.
Тўртинчи парда.
Болохона. Марсель картина чизиш, Рудольф столда нимадир ёзиш билан банд. Лекин икковининг ҳам ҳуши келишмаяпти, ишлари юришмаяпти. Рудольф дўстига Мюзеттанинг пўрим экипажда сайр қилаётганини кўрганини, учрашганда эгилиб салом берганини, ҳазиллашиб “Юрак қандай?” деб сўраганда аёл кулиб энг тўрдалиги, унга етиш мушкул эканлигини айтади. Марсель кулмоқчи бўлади, лекин ўхшамайди. У ўз навбатида Мимининг қироличалардай кийиниб зўр коляскада кетаётганини эслайди. Бу хабар Рудольфни қаттиқ ҳаяжонга солади, қаламини бир чеккага ташлайди. Ўз навбатида Марсель ҳам мўйқаламини улоқтиради. Рудольф сездирмай Мимининг чепчигини, Марсель Мюзеттанинг лентасини олиб ўпишга тутинишади, иккови ҳам ҳавойи дугоналарини ҳамон севишлари, ёнларига чорлашлари ҳақида куйлашади. Нон кўтариб Шонар, ичида шўрбалиқ бор тугун кўтариб Колен киришади. Стол атрофига жам бўлишади. Тағин ўша кулги, ҳазил-мутойиба, “шоҳона” тушликлари мақтови. Коленнинг таклифи билан кадрилга тушишади, фақат икки киши аёл ролини ижро этиши керак эди. Рақс пайти Шонар ва Колен баҳслашиб қолиб, гўё дуэлга чиқишади. Коленнинг қўлида қисқич, Шонарда камин ёнидан олинган мўъжаз белкурак, гўёки қиличбозлик қилишади. Рудольф ва Марсель орқароқда рақс билан банд. Шу он ҳаяжонланган Мюзетта пайдо бўлади, Мими бирга келганини, виконтдан айнаб Рудольфга қайтмоқчилигини, лекин касаллиги, йўлда ўзини ёмон ҳис қилиб зинада қолганини айтади. Аввал Рудольф, изидан Марсель югуриб чиқишади, Мимига ёрдамлашиб уни кроватга ётқизишади. Мими Рудольфни қучиб, бирга қолсам майлими, деб сўрайди. “Ҳа, албатта! Абадий, абадий!” дейди Рудольф. Мюзетта унга бирон нарса егизмоқчи, ичирмоқчи бўлади, лекин уйда на қаҳва, на вино топилмайди. Мими қалтираб, қўллари совий бошлайди, исиниш учун муфтасини сўрайди. Рудольф қизнинг қўлини уқалай бошлайди. Мимини йўтал қийнайди. Рудольфнинг дўстларига кўзи тушиб хурсанд бўлади. Марселни чақириб, Мюзеттанинг оқ кўнгиллигига шубҳа қилмаганини айтади. Мюзетта, Мимига сездирмай, қулоқларидаги сирғасини олиб Марселга узатади-да, сотиб Мимига дори олиши ва врачни чақириб келишини сўрайди. Колен ўз ёмғирпўшини сотиб, бечора Мими ва дўстига, оз бўлса-да, пул қилиб бермоқчи бўлади. У, севишганлар ёлғиз қолишсин, деб Шонарни ҳам ўзи билан олиб кетади, Мими кўзини очиб, ўзини атайин ухлаганга солгани, ёлғиз қолишганда кўп нарса айтмоқчи эканини билдиради. Рудольф жилети чўнтагидан Мимининг чепчигини чиқариб узатади. Мими чепчикни кийдириб қўйишни ўтинади. Рудольфнинг елкасига бош қўйиб ўтган бахтиёр дамларини эслайди. Бирдан Мимида қалтироқ бошланади, боши эгилади. Рудольф қичқириб юборади. Югуриб Шонар киради. Мими кўзини очиб табассум қилади. Муфта кўтариб Мюзетта, дори олиб Марсель келишади. Мюзетта Мимига муфта узатади. Қиз хурсанд бўлиб муфтани кияди. Қўлини муфтага солганча абадий уйқуга кетади. Мюзетта чиқмаган жондан умид, дегандай Мимининг қўл-оёқларини спирт билан ишқалайди. Бари ҳаяжонда. Колен секин кириб столга пул қўйиб “Мюзетта, бу сизга” дейди. Бу орада Шонар калавот ёнига келиб, Мимининг жонсиз танасини кўриб, Марселга секин қиз ўлганини билдиради. Нима гаплигини пайқаган Рудольф ҳўнграганча ўзини Мимининг жонсиз танасига ташлайди. Мюзетта жон ҳолатда қичқириб юборади. Шонар ҳолдан тойиб стулга йиқилади. Колен зўрға ўзини тутиб туради. Марсель ҳўнграб йиғлайди.
Театр кассаси: (+99871) 233-90-81, 232-19-48
Бош маъмур: (+99871) 233-33-36
Директорнинг томошабинлар бўйича ўринбосари: (+99871) 233-32-21
Театр манзили: 100029, Ўзбекистон, Тошкент ш., Зарафшон кўч., 28
Тел./факс: (+99871) 233-35-28, E-mail: info@gabt.uz, gabtuzb@mail.ru
Facebook: https://www.facebook.com/gabtnavoi/
Telegram: https://t.me/gabtuzb
Instagram: https://instagram.com/gabt.uz