2 пардали, 5 кўринишли опера-балет
Бастакор: Мустафо Бафоев
Либретто композицияси муаллифи: Султонмурод Олимов, А.Навоийнинг «Хамса» асари асосида
Саҳналаштирувчи гуруҳ:
Мусиқий раҳбар ва дирижёр – халқаро танлов совриндори Бобомурод Худойқулов
Саҳналаштирувчи режиссёр – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Андрей Слоним
Саҳналаштирувчи балетмейстер – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Замир Нуримбетов
Хормейстерлар – Ўзбекистон халқ артисти Сулаймон Шодмонов, Наталья Куприянова
Саҳналаштирувчи рассом – Даврон Ражабов
Либослар бўйича рассом – Лобар Полвонова
Илк премьера 2017 йил 28 майда А.Навоий номидаги ДАКТда бўлиб ўтган
Спектакль давомийлиги: 2 соат 30 дақиқа
Қисқача мазмуни
БИРИНЧИ ПАРДА
Биринчи кўриниш – «Ҳайрат ул-аброр»
Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ўзининг беш достондан иборат машҳур асарини ёзишни кўнглига тугади. У шубҳа ва гумонлар ичида қолади – буюк аждодлар асарларида тараннум этиб бўлган воқеалар ва қаҳрамонлар ҳақида инсонларга ўз номидан ҳикоя қилишга унинг қобилияти, ақли ва қалб қўри етармикин?!
Шоирнинг атрофини ўраб турувчи маконда ғаройиб воқеалар юз беради. Навоийнинг кўз ўнгида ўтмишнинг буюк шоирлари – Низомий ва Деҳлавий тимсоли гавдаланади ва уларнинг овозлари эшитилади. Улар илиқ сўзлар билан Шоирни асарини ёзишни бошлашга ундайдилар ва унинг буюк салоҳиятига ишонч билдирадилар, уларнинг илҳом манбаи билан Алишер Навоийнинг тафаккури ойдинлашади.
Буюк маслакдоши ва устози – шоир Жомий эса Навоийнинг ҳузурига ошиқади ва уни ижод жасорати сари илҳомлантиради.
Шу онда бутун Коинот Алишер Навоий олдида ўз сирларини ошкор этади. Дунёнинг мукаммал яратилганлигини билиш учун Шоир даставвал Жаннат боғини кўради, у ерда ажойиб афсонавий қушлар истиқомат қилишади.
Кейин унинг қаршисида чексиз Коинотнинг ўзи намоён бўлади ва сайёраларнинг мужассами унинг кўз ўнгида ўзларининг сирли рақсларини бошлаб юборадилар. Шоирнинг эътибори буюк Ижодкор – Инсон юксаклигига қаратилади.
Катта ва кичик маконларнинг барча доираларини ўтиб бўлгач, Алишер Навоий кишиларга Инсон даҳосининг асл мазмунини эълон қилади.
Иккинчи кўриниш – «Фарҳод ва Ширин»
Шоир қаҳрамон Фарҳод ва арман маликаси Шириннинг тафтли ва буюк муҳаббати ҳақида ҳикоя қилади. Гўзал Ширинга эҳтироси баланд қудратли шоҳ Хусрав уларнинг бахтини поймол этиш ниятида.
Фарҳод ва Ширин осуда бахтдан масрурлар ва у албатта амалга ошади, деб ўйлайдилар.
Бироқ сирли нотаниш кимса аянчли оҳангда Фарҳоднинг руҳини алғов-далғов қилмоқчи бўлади. Пайдо бўлган қудратли ҳукмдор Хусрав эса Фарходдан тан бериш ва таслим бўлишни талаб қилади. Унинг иродаси қатъий – Фарҳод Ширинни унутиши лозим. Хусрав ва Фарҳоднинг баҳси юқори чўққисига етади ва ғазабланган шоҳ мард рақибини банди қилишга буйруқ беради. Фарҳоднинг баҳодирларча кучи соқчиларнинг кучидан устун келади, шунда қудратли шоҳ тоғ-тошларнинг сеҳр кучини Фарҳодни ушлаш ва уни абадул-абад жонсиз қояларга кишанбанд этишга чақиради.
Ёлғизликда гўзал Ширин суюкли ёрини соғинади ва ўзининг алангали қалб чақириғини у томон йўллайди.
Қизнинг муҳаббати қалбини ёритган Фарҳод эса дунёнинг барча табиат кучларига мурожаат этаркан, улардан мадад сўрайди. У кишанларни чилпарчин қилиб, қояни – ёвузлик дарвозасини вайрон этади ва ҳаётбахш сув эркинликка чиқади.
Севишганлар висолга ошиқадилар, бироқ Хусравнинг абадий ва тиниб-тинчимас ёвуз иродаси улар орасига доимий тўғаноқ бўлиб чиқаверади.
Учинчи кўриниш – «Лайли ва Мажнун»
Ёш Лайли ҳамда сўнмас муҳаббати туфайли Мажнун деб ном олган Қайснинг севги ва садоқати ҳақидаги дунёга машҳур афсона асл Инсоннинг маънавий-ахлоқий асослари олий устуни тимсоли бўлиб қолди.
Хорнинг ғамгин оҳанглари севишганларнинг фожиали тақдиридан огоҳ этади.
Лайли ва Мажнун бир-бирларидан ажратилмишлар. Рамзий саҳрода улар бир-бирларига интиладилар, бир-бирларини соғинадилар, уларда умид учқуни пайдо бўлади ва яна ғам-ғуссага ботадилар. Саҳронинг забонсиз ҳурлари айрилиқ тимсоли сифатида уларнинг бирлашишларига халал берадилар.
Уларнинг муҳаббатини оталари турлича қабул қилишади. Лайлининг ғазабга минган отаси фақат ўз жаҳли билан овора ва севишганларнинг бирлашиш имкониятини тан олгиси келмайди.
Мажнуннинг ғам-андуҳга ботган отаси ҳам бу ҳал этиб бўлмас муаммони бартараф этиш юзасидан бирор-бир қарорга кела олмайди. Лайли ва Мажнуннинг кўнгиллари бир-бирига талпинади, оталари эса чорасиз қотганлар. Вақт ҳам гўё тўхтаб қолгандек, сукунатда қаҳрамонларнинг фикрлари ва ҳис-туйғулари овози эшитилади.
Айрилиқ азобига чидай олмай, Лайли ва Мажнун дунёдан ўтадилар.
Ёшларнинг аянчли тақдири Алишер Навоийнинг ўзини ҳам ҳам изтиробга солади, инсоният дунёсида Муҳаббатнинг оғир қисмати унинг кўнгил тубини ларзага келтиради…
Иккинчи парда.
Тўртинчи кўриниш – «Сабъаи сайёра»
Алишер Навоий ўзининг канизаги – соҳибжамол Дилоромга кўнгил қўйган қудратли шоҳ Баҳром ҳақида ҳикоя қила бошлайди. Шоҳ гўзал Дилоромнинг ишқидан сармаст, унга қимматбаҳо инъомлар ва юқори мавқени таклиф этади – лекин гўзал қиз унинг севгисига жавоб қайтаришга куч тополмайди.
Шоҳнинг базмида қудратли Баҳромнинг буйруғи билан дунёнинг турли мамлакатларидан етти гўзал пайдо бўлади. Уларнинг латофати ва эҳтиросини англаса-да, шоҳ Баҳром Дилоромга бўлган севгисидан воз кечолмайди. У қизга муҳаббатини такрор ва такрор изҳор этади ҳамда ундан жавоб ололмайди.
Гўзалликнинг етти сайёраси мисол дунёнинг етти гўзали шоҳ Баҳромнинг назаридан бирма-бир ўта бошлайди. Баҳром Дилоромни сўнгги бор ўзига чорлайди, бироқ ундан жавоб ололмагач, қизни саройдан чиқариб юборади ва эҳтиросли базму жамшидни бошлашга чақиради. Маишат авжига чиққанида гўзаллардан бири Баҳромга май солинган қадаҳни тутқазади. Дунёни унутиш истагида шоҳ заҳарланган майни сипқоради ва жонсиз йиқилади…
Бешинчи кўриниш – «Садди Искандарий»
Алишер Навоий дунёнинг ярмини фатҳ этиб, аскарлари билан Ҳиндистон сари отланган қудратли саркарда Искандар (Александр Македонский) ҳақида ҳикоя қилади.
Буюк саркарда Искандарнинг фикру хаёли дунёни фатҳ этиш билан банд. У шон-шараф ва буюк фотиҳлик гаштини ҳис қиларкан, ўз қўшинини янги юришларга чақиради.
Қўшинлар унинг қаршисидан саф тортиб ўтиб борадилар. Суғд асиралари Искандарнинг қаршисида латофатли ва бир оз ғамгин рақс тушган ҳолда намоён бўладилар.
Сўнгра саркарданинг буйруғи билан аёвсиз жанг бошланиб кетади. Бошида жангга ташна бўлган Искандар бу олишувда тирик аскарларнинг сони тугаб бораётганини кўриб даҳшатга тушади – ҳамма шафқатсиз Ўлим қурбонига айланаётган эди. Ўлимнинг ўзи тантанавор тарзда жасадлар устида рақс туша бошлайди.
Искандарнинг тафаккури заифлаша боради – ҳалок бўлган аскарларнинг руҳи бемақсад уруш ва ҳалокат ўчоғига ташлагани учун уни ғазаб-ла қоралаётгандек туюлади.
Ўлим эса кароматли қўл бериб саркарданинг кучини қирқади ва ҳалокат сари етаклайди. Жон бераётган Искандар ўзининг мақсадлари учун чин дилдан койинади ва ҳар қандай урушнинг ҳалокатли эканлигини тан олади. Унинг кўз ўнгида Онасининг шарпаси пайдо бўлади, саркарда ундан кечирим сўрайди, тинчликка чақиради ва бу дунёни тарк этади.
Ўзининг ҳикоясини якунлар экан, Алишер Навоий тинчлик, инсонларнинг бирлиги, абадий муҳаббат ва инсонийликнинг ёлқин куч-қудратинини шарафлайди. У инсонларни бирдамлик ва дўстликка чақиради, Ижод чўққиси ҳазрати Инсоннинг асл буюклигини сақлаб қолишни васият қилади. Буюк шоирнинг сўзлари ва чақириқларини тинглаган халқ унинг қудратли даҳоси ва у яратган асарларнинг умрбоқийлиги ва буюклигига тасаннолар айтади.
Театр кассаси: (+99871) 233-90-81, 232-19-48
Бош маъмур: (+99871) 233-33-36
Директорнинг томошабинлар бўйича ўринбосари: (+99871) 233-32-21
Театр манзили: 100029, Ўзбекистон, Тошкент ш., Зарафшон кўч., 28
Тел./факс: (+99871) 233-35-28, E-mail: info@gabt.uz, gabtuzb@mail.ru
Facebook: https://www.facebook.com/gabtnavoi/
Telegram: https://t.me/gabtuzb
Instagram: https://instagram.com/gabt.uz