ҚИСҚАЧА МАЗМУНИ.
Севильядаги майдон. Доктор Бартолонинг уйи ёнида мусиқачилар тўпланишган. Докторнинг тарбияланувчиси Розинани севиб қолган граф Альмавива қизга атаб серенада ижро этмоқда. Бироқ Розина ўзини кўрсатмайди.
Бутун Севильянинг суюкли инсони, сартарош, бир вақтлар графнинг камердинери бўлган ҳаётсевар Фигаро Альмавиванинг севги-муҳаббат бобидаги ишларини ҳал қилишга киришади. Бартолонинг уйдан чиқиб кеишини пойлаб турган граф Фигаронинг маслаҳатига кўра Розинага канцонетта куйлайди ва унда ўзини Линдор деб атайди. Фигаро графга ётоққа келган аскар кўринишида Бартолонинг уйига кириш ғоясини беради.
Розина Линдорни кўнглида илиқ бир туйғу билан эслайди. Ўзининг тарбияланувчисини севиб қолган доктор Бартоло эса унга ўзи уйланиш ниятида. Розинанинг қўшиқ ўқитувчиси Дон Базилио Бартолога Розинанинг сирли хуштори - граф Альмавива борлигини ва унга туҳмат қилиш лозимлигини уқтиради. Буни эшитиб қолган Фигаро Розинага васийнинг режаларини ошкор этади ва қизни севиб қолган Линдорга бир парча нома ёзиш таклифини беради ҳамда уни элтишга тайёрлигини билдиради. Бироқ мактуб тайёр эди!
Аскар либосини кийиб олган граф пайдо бўлади. У ўзини мастликка солиб, сўкинади ва ётоқ учун квартира талаб қиларкан, тўполон уюштиради. Офицер маст аскарни қамоққа олишга тутинади, бироқ граф герби солинган узукка кўзи тушгач, тавозе билан таъзим қилади, аскарлар амалдорга ҳурматан қўлларини чаккаларига қўядилар.
Докторнинг уйида пайдо бўлгач, бу гал граф Альмавива мусиқа ўқитувчиси либосини кияди ва дон Базилио касал бўлиб қолгани ва ундан – ўқувчиси дон Алонзодан Розинага мусиқадан дарс беришни илтимос қилганини маълум этади. Розинанинг ёзган номасидан фойдаланиб, у Бартолога графни фош этишни истаётганини тушунтиради. Доктор унга ишонади ва Розинани чақиради. Фигаро айёрлик йўли билан балконнинг калитини қўлга киритади. Етиб келган Базилиога секингина қистирилган олтин солинган ҳамён очофат монахни ўзини касалликка солиб, кетишга мажбур этади.
Альмавива Розина билан унинг шу куни тунда ўғирлаб кетилиши ҳақида келишиб олади. Бироқ уларнинг гапини эшитиб қолган доктор қўшиқ дарси устомонлик илан амалга оширилган ёлғон эканини тушунади ва жаҳлга миниб, ҳаммани қувиб солади. Васий зудлик билан Розинага уйланишга қарор қилади ва Базилиони нотариусни бошлаб келиш учун юборади.
Доктор Розинанинг назарида "Линдор"ни қоралашга муваффақ бўлади ва қиз никоҳга розилик билдиради. Фигаро ва граф балкон орқали Розинанинг будуарига кирадилар, бироқ у "Линдор"ни ғазаб билан рад этади. Тушунмовчилик тез орада аниқланади ва Розина граф билан қочишга розилигини билдиради, Фигаро эса нотариуснинг келишидан фойдаланиб, севишганларга никоҳ шартномасини тузишга ёрдам беради.
Тўпланганлар ёшларни олқишлаб, Фигарони шарафлайдилар!