Уч пардали балет.
Бастакор: П.Чайковский.
Либретто: М.Петипа ва И.Всеволожский томонидан Ш.Перронинг эртаги воқеалари асосида яратилган.
Саҳналаштирувчи балетмейстер: Ўзбекистон халқ артисти Иброҳим Юсупов (хореография – М.Петипа, Ю.Григорович таҳририда);
Мусиқий раҳбар ва дирижёр: Халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори, профессор Дилбар Абдураҳмонова;
Саҳналаштирувчи рассом: Халқ артисти Вилен Климентьев ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зубайдулло Ботиров.
Спектакль давомийлиги: 2 соат 30 дақиқа.
А.Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида илк маротаба 1953 йилда қўйилган.
А.Навоий номидаги ДАКТда охирги марта 2009 йилда саҳналаштирилган.
Биринчи парда
Қирол ва қиролича қизлари – малика Аврора туғилганини нишонлашмоқда. Саройга келган меҳмонлар ва сарой аҳли бахтиёр ота-онани табриклашмоқда. Настарин париси ва бошқа меҳрибон парилар янги туғилган чақалоққа ўз совғаларини топширишмоқда ва Аврорани ажойиб маънавий сифатлар билан тақдирлашмоқда. Бирдан қўрқиб кетган хизматкорлар ёвуз пари Карабоснинг келгани ҳақида хабар беришади. У жаҳлга минган: қирол ва қиролича уни тантанага таклиф этишни унутишибди! Ғазабланган Карабос гўдак Аврора тўқиш сими тиқилиши оқибатида ўлишини башорат қилади. Барча меҳмонлар даҳшатга тушадилар…
Бироқ Настарин париси ёвуз пари Карабосни саройни тарк этишга мажбур қилади – у кичкинтой маликани ўз ҳимоясига олади.
Иккинчи парда
Қирол саройида байрам: Аврора ўн олти ёшга тўлди! Аврорага тўрт нафар шаҳзода совчи қўйишади, бироқ қизнинг улардан бирортасига ҳам кўнгли бўлмайди. Меҳмонлар орасидан бир аёл чиқиб келади ва Аврорага гулдаста тутади. Ҳеч нарсадан шубҳаланмай, малика гулдастани олади ва гулдаста орасига беркитилган сим қўққисдан унинг бармоғига санчилади.
Аврорани ўлим олди совуқлиги қоплайди, у кучсизлана бошлайди. Номаълум аёл ёпинчиғини ташлайди – бу пари Карабос эди! У ёвузларча хахолайди ва ўзининг ғалабасидан энтикади. Ҳамма унга ташланади, бироқ Карабос шу заҳотиёқ ғойиб бўлади.
Авроранинг ҳимоячиси – Настарин париси пайдо бўлади. У Карабоснинг сеҳр-жодусини йўқ қила олмайди, бироқ ёвузликни сусайтириш қўлидан келади. Аврора ўлмайди – у уйқуга кетади ва уни севиб қолган шаҳзода уйғотмагунча ухлайди.
Учинчи парда
Шаҳзода Дезире ўз мулкларида ов қилмоқда. Бироқ шикор уни овута олмайди. У учратиши ва севиб қолиши мумкин бўлган ажойиб қиз ҳақидаги орзуларга берилади. Шу заҳотиёқ Дезиренинг қаршисида Настарин париси пайдо бўлади. Унинг ишораси билан Авроранинг шарпамисол тимсоли гавдаланади. Мафтун бўлиб қолган Дезире малика томон интилади, бироқ Аврора унинг қучоғидан сирғалиб чиқиб кетади. Дезире Настарин парисидан унинг қалбини эгаллаган уйқудаги гўзалнинг сирини очишини ёлвориб сўрайди. Настарин париси шаҳзодани ўзининг сеҳрли қайиғига таклиф этади ва улар сеҳрланган қаср томон сузиб кетадилар.
Қироллик юз йилдан буён уйқуга чўмган. Атрофда ҳаммаёқ ҳувиллаб, қаровсиз ҳолга келган. Настарин париси ва шаҳзода Дезире яқинроқ келадилар. Карабос ва унинг мулозимлари Аврорани улардан беркитишга уринадилар, бироқ бундан иш чиқмайди – шаҳзода уйқудаги гўзалга кўзи тушади ва қизнинг соҳибжамоллигидан ҳайратланиб, ундан оҳиста бўса олади.
Карабоснинг сеҳр-жодуси ўз кучини йўқотади. Кучли севги дардига мубтало бўлган йигитнинг бўсаси ёвуз сеҳр-жодунинг кучини қирқади. Аврора уйқудан уйғонади ва у билан бирга уйқудаги бутун қироллик жонланади. Малика ўзининг қутқарувчисини кўради ва унда йигитнинг севгисига жавобан муҳаббат жўш уради. Дезире қирол ва қироличадан қизларининг қўлини сўрайди.
Саройда Аврора ва Дезиренинг тўйи тантана қилинади.