Икки пардали опера.
Бастакорлар: Т. Жалилов ва Б. Бровцин.
Либретто: С. Абдулла қаламига мансуб, халқ афсонаси асосида.
Саҳналаштирувчи режиссёр: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳайдарали Қосимов;
Мусиқий раҳбар ва дирижёр: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Фазлиддин Ёқубжонов;
Саҳналаштирувчи рассом: Даврон Ражабов.
Спектакль давомийлиги: 2 соат 15 дақиқа
А.Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида илк премьера 1949 йилда бўлиб ўтган.
А.Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида охирги марта 2007 йилда саҳналаштирилган.
ҚИСҚАЧА МАЗМУНИ
ПРОЛОГ
Хон Бобохон саройида унинг қиз кўрганлиги байрам қилинмоқда. Хон шу куни туғилган барча чақалоқларни саройга келтиришни буюради. Хон Бохир ҳам туғилган ўғлини олиб келади. Бош вазир безовта, чунки хонлик тахтига ўз ўғли Қоработир ўтиришини хоҳлаган эди. Ўғил болага Тоҳир, қиз болага эса Зуҳра деб исм қўядилар. Хон болаларни биргаликда катта қилишга, улғайганларида эса уларнинг тўйини ўтказишга ваъда беради.
БИРИНЧИ ПАРДА
18 йил ўтди. Сарой шоири Нозим меҳр-муҳаббати билан тарбия қилинган севишганлар саройда ғам-ташвиш кўрмай катта бўлишди.
Тоҳир ҳақсиз ва хўрланган халққа очиқ-ойдин ён босишидан фойдаланган вазир Ҳусайн хон Бобохонни Тоҳирга қарши гиж-гижлайди. Ғазабланган хон шафқатсиз ҳукм чиқаради – Тоҳирни сандиққа солиб, дарёга ташлаб юборишни амр этади.
Тоҳир унга хайрихоҳ халққа мурожаат қилади ва қаҳрамон – Сардорни қўллаб-қувватлашини сўрайди. Хоннинг буйруғи амалга оширилади.
ИККИНЧИ ПАРДА
Тоҳир солинган сандиқ дарёда оқиб бораётганда уни Хоразм хонининг қизи Моҳим сувдан чиқариб олади ва йигитнинг чиройи уни мафтун этади. Хоразм хони ҳам йигитни кўриб суюнади ва Тоҳирга ҳокимият, бойлик ҳамда яккаю-ягона қизини никоҳлаб беришни таклиф этади. Тоҳирнинг бу таклифни рад этиши хоннинг ғазабини қўзғатади ва у йигитни жазолашга буюради. Жуманиёз исмли аскар Тоҳирнинг қочишига кўмаклашади.
Халқ қаҳрамони Сардор Бобохонга қарши қўшин тўплайди. Бошлиқлар орасида халқ севган хонанда Ҳофиз ҳам бор. Тоҳир пайдо бўлади. Ҳамма унинг тирик қолганидан шод. Тоҳирни Сардор билан таништиришади. Бобохон шоир Нозимни қатл этиш ва Зуҳрани Қоработирга турмушга бериш ҳаракатида эканлиги ҳақидаги хабарлар етиб келади. Тоҳир бир гуруҳ дўстлари билан Бобохон сарҳадлари томон шошилади, у маҳбубаси ва устозини қутқаришга жазм этган.
Зуҳрани никоҳга тайёрламоқдалар. Унинг узоқ қишлоқдаги қариндошлари пайдо бўлишади, либосларини алмаштириб олган Тоҳир улар орасида. Севишганлар учрашишади. Бошдан кечирилган ғам-қайғудан сўнг узоқ кутилган шод-хуррамлик онлари келади, бироқ бу узоқ чўзилмайди… Қоработир пайдо бўлади. Аёвсиз олишувда Тоҳир уни ўлдиради ва яна қўлга тушади. Хон унинг зудлик билан қатл этилишини буюради. Зуҳра отасидан шафқат қилишни ёлвориб сўрайди, бироқ Бобохон ғазаб ўтида қизига ташланади ва уни бўға бошлайди. Жон таслим қилар экан, қиз ўзининг абадий севгиси ҳақида баралла айтади ва халқни бахт-саодат ҳамда озодлик учун курашга чорлайди.
Зуҳранинг ўлими ва Тоҳирнинг қатл этилиши халқни ҳаракатга келтиради – эркин ва бахтиёр ҳаёт учун кураш сари ундайди.