Тўрт пардали опера.
Бастакор: Н.Римский-Корсаков.
Л.Мейнинг шу номли драмаси асосида Н.Римский-Корсаков ва И.Тюменев либреттоси.
Саҳналаштирувчи режиссёр: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Андрей Слоним;
Мусиқий раҳбар ва дирижёр: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Давлат мукофоти совриндори Анвар Эргашев;
Саҳналаштирувчи рассом: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зубайдулло Ботиров.
Спектакль давомийлиги: 2 соат 55 дақиқа.
А.Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида илк премьера 1951 йилда бўлиб ўтган.
А.Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида охирги марта 2008 йилда саҳналаштирилган.
Воқеа 1572 йилнинг кузида Александровский слободасида бўлиб ўтган.
Шоҳнинг ёш опричниги Григорий Грязнойнинг кўнглига чироқ ёқса ёримайди. Яқин орадан бошлаб чаққон эрмаклар уни қизиқтирмай қўйди. Умрида илк маротаба мафтункор муҳаббат ҳис-туйғусини туйди. Григорий Грязной ўзи ёқтириб қолган Марфанинг отасига юборган совчиларидан бирор иш чиқмади. Савдогар Собакин Марфа боён Иван Ликов билан никоҳ ўқитиб қўйилганини айтиб, қатъий рад жавобини билдирди. Ғам-андуҳни унутишга уринаркан, Григорий ўзи уюштирган базмга Малюта Скуратов бошчилигидаги опричникларни таклиф этди. Улар билан бирга шоҳ табиби Бомелий ва Иван Ликов ҳам келишди. Меҳмонлар мезбоннинг самимийлиги ва меҳмондўстлигини мақташяпти. Денгизорти мамлакатларидан яқинда қайтган Ликов кўрган-кечирганларини ҳикоя қилиб бермоқда. У ўз ҳикоясини донишманд подшоҳ Иван IV шарафига айтилган қисқа нутқ билан якунлайди. Грязной эркак-аёл хонандаларнинг қўшиқларию рақслари билан меҳмонларнинг кўнглини олади. Тонг ота бошлайди. Ҳамма тарқалади. Хўжайиннинг илтимосига кўра Бомелий қолади, холос. Грязнойнинг унда муҳим юмуши бор. Яхшигина хизмат ҳақи тўлашни ваъда қилиб, у табибдан қизни ўзига ром этиш мумкин бўлган доривор топиб беришини илтимос қилади. Уларнинг суҳбатини Грязнойнинг жазмани Любаша эшитиб қолади. У жазманининг ўзига нисбатан ҳис-туйғулари сусайганини олдин ҳам сезган эди; энди эса Любаша рашк ва шубҳа-гумонлар гирдобида қолди. Бироқ у ўзининг бахтини биров бериб қўймайди ва ўша ярамас қиздан шафқатсиз ўч олади.
Александровский слободасидаги кўча. Кеч киряпти. Халқ ибодатхонадан чиқиб келмоқда. Улар орасида Собакинларнинг калитдори Петровна кузатувидаги Марфа ва Дуняша ҳам бор. Марфанинг фикру хаёли севимли куёви Иван Ликовда. Икки номаълум отлиқ пайдо бўлиши қизларнинг суҳбатини бўлиб қўяди. Улардан бири Марфадан кўзини узмайди. Бу – Иван Грозний. Марфа бойларга хос либосларга бурканган шоҳни танимайди, бироқ унинг виқор билан назар ташлашидан чўчийди. Шом кириб келяпти. Кўчалар бўшаб қолмоқда. Любаша Собакинларнинг уйига яқин келади ва деразадан мўралайди. Марфанинг гўзаллиги уни ром этади. Любаша қизни Грязной илтимос қилган ўзига ром этувчи дориворни заҳар билан алмаштириб рақибасини йўқ қилишга қарор беради. Любаша эшикни тақиллатади ва Бомелий чиқиб келади. У қизнинг илтимосини бажаришга тайёр, лекин эвазига унинг муҳаббатини истайди. Любаша эътироз билдиради ва унинг илтимосини рад этади. Бироқ уйдан эшитилаётган Марфанинг беғам ва қувноқ кулгиси Любашанинг янги руҳий қийноқларни бошдан кечиришига сабаб бўлади; бир қарорга келишга бўлган хоҳиш-истак қистови билан у ўзи ёқтирмаган Бомелийнинг шармандали битимига рози бўлади.
Собакинлар хонадонида тўйга тайёргарлик авжида. Уни ўтказиб юборишса ҳам бўлардию, шоҳнинг кўриги халал берди, шу мақсадда саройда энг гўзал қизларни жамул-жам қилишди. Ликов безовта; Грязной ҳам ўзини қўярга жой тополмайди. Ниҳоят, Марфа шоҳ кўригидан қайтиб келади. Ҳамма ўзини босиб олади ва келин-куёвни табриклашади. Пайтдан фойдаланиб, Грязной Марфанинг қадаҳига билдирмай дориворни қуяди. Қўққисдан Малюта боёнлар билан пайдо бўлади; у шоҳ ўзига хотин сифатида cевишганлар ўйлаганидек Дуняшани эмас, Марфани танлаганини эълон қилиш учун келган эди.
Шоҳ хонадонидаги кошона. Қизининг ҳеч ким тузата олмаётган хасталикка йўлиққанидан ғамгин тортган Собакиннинг ўй-хаёллари Грязнойнинг пайдо бўлиши билан бўлинади. Опричник Марфага Ликов қийноқ остида шоҳнинг келинчагига доривор берганлигини тан олгани ва подшоҳнинг буйруғи билан қатл қилингани хабарини етказади. Марфа бу азобга дош беролмайди. Қизнинг заифлашаётган тафаккурида гўёки унинг қаршисида Грязной эмас, балки суюкли куёви Ваня турарди. Қиз унга ўзининг ажойиб тушини гапириб бермоқда. Марфанинг ақлдан озаётганини кўрган Грязной ўзининг умидлари пучга чиқаётганини алам билан тан олади: қизни ўзига ром этиш ўрнига уни тамом қилди. Севганининг азобланаётганини кўриб, руҳий қийноқларга дош беролмаган Грязной жиноятини тан олади: у Марфага доривор берди ва бегуноҳ Ликовга туҳмат қилди. Оломон орасидан чиққан Любаша унинг қаршисига югуриб келади ва дориворни алмаштириб қўйганини бўйнига олади. Ғазабнок Грязной Любашани ўлдиради.