Икки пардали балет
Э.Гофманнинг эртаги асосида М.Петипа либреттоси, Ю.Григорович таҳририда
Саҳналаштирувчи балетмейстер: Ўзбекистон халқ артисти Иброҳим Юсупов
Мусиқий раҳбар: Халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори, профессор Дилбар Абдураҳмонова
Саҳналаштирувчи рассом: Вячеслав Фесько
Спектакль давомийлиги: 1 соат 45 дақиқа
А.Навоий номидаги ДАКТ саҳнасида охирги марта 1993 йилда саҳналаштирилган.
Биринчи парда
Штальбаумларнинг хонадонида Янги йил байрамини нишонлаш учун меҳмонлар йиғилишмоқда. Уларнинг орасида Штальбаумларнинг фарзандлари Маша ва Францнинг чўқинтирган оталари Дроссельмейер ҳам бор. У болаларга ажойиб совға – кулгили Қарсилдоқни тайёрлаб қўйган.
Болалар уларга арча ва байрам совғаларини кўрсатишларини сабрсизлик билан кутишмоқда. Узоқ кутилган фурсат келади ва барчанинг қаршисида безатилган арча намоён бўлади. Кутилмаганда Дроссельмейер сеҳргар либосида пайдо бўлади, болалар уни дастлаб танимайдилар. Зум ўтмай севимли чўқинтирган отасини таниб қолиб, шўх-шодон қичқирадилар.
Маша жон битган ажойиб қўғирчоқлар билан ўйнагиси келади, бироқ... уларни олиб кетишди. Машани юпатиш учун Дроссельмейер унга севимли қўғирчоғи Қарсилдоқни совға қилади.
Машанинг безори ва мазахчи акаси Франц қўққисдан ўйинчоқни бузиб қўяди. Маша синиб қолган севимли овунчоғини авайлабгина юпатади. Қўшни хонадан меҳмонлар чиқиб келишади. Тез орада ҳаммалари кетишади.
Тун. Арча порлаб турган хона ой ёруғи ила чароғон бўлиб, сирли ва сеҳрга тўла. Маша бу ерга «хаста» Қарсилдоқни кўриш учун келган. У қўғирчоғини қучоқлайди ва аллалайди.
Шу вақт Дроссельмейер пайдо бўлади. Энди у нафақат меҳрибон чўқинтирган ота, балки афсунгар ҳам. Унинг қўл ҳаракатлари билан атрофдаги ҳамма нарса ўзгаради: деворлар сурилади, арчанинг бўйи чўзила бошлайди. Айни пайтда ўйинчоқлар ҳам жонланади ва ўса бошлайди.
Қўққисдан пол остидан қирол-сичқон бошчилигидаги сичқонлар пайдо бўлишади. Ўйинчоқлар қўрқув ва саросимада қолишади. Довюрак Қарсилдоқ ҳаммани қутқаради. У қалайдан ясалган аскарчаларни бир сафга тизиб, сичқонлар лашкарига қарши ҳужумга бошлайди. Бироқ кучлар тенг эмас, ёвуз сичқонлар устун келмоқдалар. Маша севимли эрмаги хавф-хатарда экканлигидан саросимага тушади. У сичқонлар тарафга ёниб турган шамни отади ва юраги ёрилган кемирувчилар ҳар тарафга тум-тарақай қочишади.
Жанг майдони ҳувиллаб қолади. Ёлғиз Қарсилдоқнинг ўзи полда ҳушсиз ётибди. Маша ўйинчоқлар билан бирга унга ёрдам бериш учун ошиқади. Кутилмаганда мўъжиза юз беради… Машанинг қаршисида ажойиб ўспирин йигит – Қарсилдоқ шаҳзода пайдо бўлади. У қиз томон одимлайди.
Қор учқунларининг сеҳрли доиравий рақсида Маша ва шаҳзода арча подшоҳлиги томон интиладилар. Қўғирчоқлар уларнинг ортидан эргашадилар.
Иккинчи парда
Ёрқин юлдузга тобора яқин қолмоқда, улар сеҳрли арчанинг учига етиб келай деб қолдилар… Бироқ орқада писиб келаётган сичқонлар кутилмаганда Қарсилдоқ шаҳзодага ҳужум қилишади. Қарсилдоқ яна жангга мардонавор киришади. Маша ва қўғирчоқлар олишувни қўрқа-писа кузатадилар. Қарсилдоқ шаҳзода душманини енгади. Ғалаба қувонч билан тантана қилинади. Қўғирчоқлар рақсга тушишади, шамлар янада ёрғинроқ ёнади, арча жонланиб кетади. Маша ва Қарсилдоқ шаҳзода бахтиёрлар – улар орзулар подшоҳлигига етишдилар!
Бироқ буларнинг бари туш, холос. Янги йил туни поёнига етди, шу билан бирга ажойиб туш ҳам ғойиб бўлди. Афсонавий орзу-умиди рўёбини бошдан кечирган Маша тиззасига қўғирчоғи Қарсилдоқни олганича арча ёнида ўтирибди.
Театр кассаси: (+99871) 233-90-81, 232-19-48
Бош маъмур: (+99871) 233-33-36
Директорнинг томошабинлар бўйича ўринбосари: (+99871) 233-32-21
Театр манзили: 100029, Ўзбекистон, Тошкент ш., Зарафшон кўч., 28
Тел./факс: (+99871) 233-35-28, E-mail: info@gabt.uz, gabtuzb@mail.ru
Facebook: https://www.facebook.com/gabtnavoi/
Telegram: https://t.me/gabtuzb
Instagram: https://instagram.com/gabt.uz